icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айланишни мақсад қилган

15.10.2025

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Изчил тараққий этиб, улкан мегаполисга айланаётган Тошкент шаҳрига дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳлару тадбиркорлар, инвестору давлат арбобларининг ташрифи кўпайиб бормоқда. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, Ўзбекистон дунёга кенг очилганидан сўнг хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошди. 2030 йилга бориб, 15 миллионга етади.

Яхши қўшничилик алоқаларининг тиклангани, чегараларнинг очилгани натижасида одамлар учун минтақамиз бўйлаб бемалол ҳаракат қилиш имконияти яратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри ҳам қулай жойлашуви, инвестицион жозибадорлиги, яшаш учун барча шарт-шароитларга эгалиги боис, ғоят гавжум масканлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Шунга мувофиқ, транспорт инфратузилмасининг барча йўналишлари мутаносиб ривожлантирилмоқда. Айниқса, авиация соҳасида янги экотизимни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти.

Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.

Энг муҳими, соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди.

Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Польша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида келгусида ҳам транспорт инфратузилмаси жадал ривожлантирилишини таъкидлади.

Жумладан, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

– Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги халқаро аэропорт қурилиши бунга катта замин бўлиши қайд этилди.

Таҳлилларга кўра сўнгги саккиз йилда пойтахтга авиа йўловчилар оқими 3 карра ошиб, йилига 9 миллионга етди. 2040 йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ. Шу боис, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.

Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Incheon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.

Ушбу аэропорт авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талабларига тўлиқ жавоб беради.

Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари ўрнатилиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади.

Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик “Duty free” зонаси ташкил этилади.

Янги аэропортни қуриш орқали мультимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.

Энг асосийси, янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан ҳам давлат учун жозибадор бўлиб, бу лойиҳа мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига ҳисса қўшади.

Давлатимиз раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар, молия ташкилотлари, туристик компаниялар вакилларига миннатдорлик изҳор этди. Янги аэропортнинг барпо қилинишида қатнашадиган барча мутахассислар, муҳандислар ва қурилиш жамоасига юксак ишонч билдирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo