09.11.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚарориДавлат тиббиёт муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
Қуйидагилар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш;
(б) аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатаётган фидойи ходимларга қўшимча рағбатлантириш чораларини жорий этиш;
(в) истиқболли ёш мутахассислар ўз касбий малакасини ошириб бориши учун қўшимча имкониятлар яратиш;
(г) “шифокор – аҳоли саломатлиги посбони” шиори остида жамиятда уларнинг нуфузини ошириш.
II. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини молиявий қўллаб-қувватлаш
2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилсин.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳар йили қуйидаги номинациялар бўйича танлов ўтказилсин:
(а) “Энг яхши республика шифохонаси раҳбари”, “Энг яхши ҳудудий соғлиқни сақлаш органи раҳбари”;
(б) ҳар бир ҳудудда:
(i) “Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари”, “Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари”, “Энг яхши туман (шаҳар) шифокори” ва “Энг яхши туман (шаҳар) ўрта тиббиёт ходими”;
(ii) “Энг яхши оилавий поликлиника”, “Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси” ва “Энг яхши ҳудудий шифохона”.
Белгилансинки:
(а) танлов натижалари асосида ғолиблар қуйидаги миқдорларда Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ҳисобидан бир марталик рағбатлантирилади:
(i) тиббиёт муассасалари – 500 миллион сўм;
(ii) тиббиёт ва раҳбар ходимлар – 30 миллион сўм;
(б) танлов ғолиблари Тиббиёт ходимлари куни арафасида эълон қилинади, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш ҳамда хориждаги нуфузли таълим ва илмий ташкилотларда Жамғарма маблағлари ҳисобидан менежерлик ва бошқа замонавий дастурлар асосида ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади;
(в) “Энг яхши республика шифохонаси раҳбари”, “Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари” ва “Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари” номинациялари бўйича танлов ғолиблари “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан тақдирлашга тавсия этилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилсин. Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.
Белгилаб қўйилсинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
(а) туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари шифокорларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади;
(б) давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади;
(в) тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
(г) ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига 2026 йил 1 январдан бошлаб лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қуйидаги қўшимча имтиёзлар берилсин:
(а) давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
(б) давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда тиббиёт муассасасининг маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма бериш;
(в) барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдорини икки баробар камайтириш.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат қилиш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда мазкур қарорда белгиланган имтиёзларни қўллаш ҳамда танлов ғолибларини аниқлаш бўйича мезон ва тартиб-таомилларни тасдиқлаш чораларини кўрсин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилдан бошлаб:
(а) мазкур мақсадлар учун ҳар йили Жамғармага қўшимча индексация қилиб бориладиган 100 миллиард сўм маблағ ажратсин;
(б) Давлат бюджети параметрларида мазкур қарор билан белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларнинг кўзда тутилишини таъминласин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ҳамда шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Т.А. Алиева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев


