26.12.2025
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Бугун Олий Мажлисга ва кўпмиллатли халқимизга келгуси йил учун Мурожаатномани тақдим этар эканман, аввало, барчангизни соғ-саломат, кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман.
Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатларини, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик. Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Қадрли ватандошлар!
Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда сизлар билан ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз.
Қанчалик оғир бўлмасин, бошлаган демократик ислоҳотларимизни қатъий давом эттирганимиз; халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати; ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтирганимиз; одамларимизнинг онги ва дунёқарашини ўзгартириб, эл-юртимизни янада жипслаштирганимиз; тадбиркор, деҳқон ва фермерларимизнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати; ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсатимиз ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришдик.
Аввало, жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этаётганини қайд этиш лозим.
Бу натижалар дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
Эътибор беринг, бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда.
Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда биз бу йил экспортимизни 23 фоизга ошириб, 33,4 миллиард долларга етказамиз. Энг муҳими, ислоҳотларимиз учун мустаҳкам молиявий база бўладиган олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.
Бу йил иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “BB -”дан “BB” поғонасига кўтарди.
Бу гаплар кўпчиликка оддий бир факт бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, иқтисодчилар, инвестор ва банкирлар гап нақадар катта натижалар ҳақида бораётганини жуда яхши тушуниб турибди. Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига камида 300 миллион долларга камаяди.
Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди.
Аҳоли фаровонлиги ва бизнесни ўстиришга хизмат қиладиган инфратузилмани янада яхшилаш бўйича ҳам 2025 йил катта ўзгаришлар йили бўлди. Хусусан, энергетика соҳасида туб бурилиш ясаганимиз ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажмини 85 миллиард киловатт-соатга етказдик.
Тасаввур қилинг, 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соат генерация даражасида қолиб кетганимизда, ҳозир иқтисодиётимиз ҳажмини 2 карра ошира олармидик? Ишлаб чиқаришнинг ўсиб бораётган талабини, 38 миллион аҳоли эҳтиёжини қоплаб бўлармиди?
Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Ёки 867 та “оғир” маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб борди.
Жорий йилда аҳолига 8 миллион 100 минг квадрат метрли, 135 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар топширилмоқда, одамларнинг ўзи ҳам яшаш шароитини яхшилаш учун 19 миллион квадрат метр майдонда қурилиш қилди. Бизнес вакиллари томонидан 24 миллион квадрат метр нотурар-жой объектлари барпо этилди.
Умуман, сўнгги тўққиз йилда 210 миллион квадрат метрли турар-жой ва нотурар-жой объектлари фойдаланишга топширилди.
Бу рақамларга урғу бериб айтаётганим албатта бежиз эмас. Агар йўл, сув, электр ва бошқа инфратузилмалар учун зарур маблағни топиб бермаганимизда, қурувчилар ва қурилиш материаллари корхоналари учун шароит яратиб бермаганимизда, ипотека тизимини йўлга қўймаганимизда, шунча бунёдкорлик ишлари бўлармиди?
Жорий йилда 5 миллион аҳолимиз даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.
Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб, 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизимини жорий этдик.
Таъкидлаш керакки, юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.
Бир эсланг, бу ишларни бошлаганимизда аҳолимизнинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди. Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик.
Энг муҳим ютуқларимиз ҳақида сўз юритганда, азму шижоатли спортчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ғалабаларини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир.
Аввало, Ўзбекистон футболи учун 2025 йил чинакам тарихий йил бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Моҳир шахматчиларимиз Жаҳон кубоги мусобақаларида муносиб иштирок этди. Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров энг ёш жаҳон кубоги соҳиби бўлгани барчамизга юксак ғурур бағишлайди.
Энг муҳими, шахмат оламидаги ютуқларимиз шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Ўтган ҳафтада 9-17 ёшли шахматчилар ўртасида “рапид” ва “блиц” йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Бу йилги Ёшлар Параосиё ўйинларида жасорат ва матонат соҳиби бўлган спортчиларимиз 125 та олтин, 77 та кумуш ва 52 та бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этди.
Ҳеч шубҳасиз, истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилди.
Эл-юртимизнинг фахри бўлган бундай фарзандларимизга, уларнинг ота-оналари ва устоз-мураббийларига яна бир бор чин дилдан таҳсин айтамиз.
Маълумки, Ўзбекистон келгуси йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.
Шу билан бирга, 2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникумлари ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиадалар ўтказилади. Ушбу мусобақаларда ҳам фарзандларимиз муносиб иштирок этади, деб ишонаман.
Бундай нуфузли тадбирлар Ватанимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.
Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда. Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси; ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси; “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилдик.
Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда “Aбадий дўстлик тўғрисида”ги декларация қабул қилинди.
Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида биз интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғоясини илгари сурдик. Озарбайжонни Марказий Осиё ҳамжамияти форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ва барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.
Шу билан бирга, октябрь ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ноябрь ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ саммити кўп томонлама ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.
Ўтган ҳафтада Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчиларининг учрашувида таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳалари бўйича муҳим келишувларга эришдик. Шу ҳафтанинг бошида эса Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳамкорлигимизнинг долзарб йўналишларини белгилаб берди.
Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.
Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан – Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз.
Муҳтарам йиғилиш иштирокчилари!
Бундан икки йил олдин “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилганимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилгача 160 миллиард долларга етказишни белгилаб олган эдик. Кўриб турибсизлар, мавжуд салоҳиятимиз, бугунги ислоҳотларимиз, тадбиркорларимизнинг фаоллиги, хорижий шерикларимиз билан ҳамкорлигимиз ўсиб бораётгани ҳисобига бу маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша оламиз.
Ҳозирги глобал иқтисодиётда рақобатга чидамли бўлиш учун малакали касб эгалари ва мутахассислар, замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим. Агар биз саноатда – электроника ва электротехника, биокимё ва полимерлар, фармацевтика, машинасозлик каби юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантириш; хизматларда – IT, сунъий интеллект, финтех, консалтинг, транспорт-логистика каби катта даромад келтирадиган сервисларни кўпайтириш; қишлоқ хўжалигида – унумдорликни ошириш учун биоинженериядан кенг фойдаланиш, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш; иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун “яшил” энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш; таълим ва тиббиётда – сифатни янги босқичга олиб чиқадиган илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш учун янги технологияларни олиб кирсак, кадрларни илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларга тайёрласак, келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишга барча имкониятларимиз бор.
Бу рақамлар аниқ ва пухта ҳисоб-китобларга асосланган прогноз. Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли экспертларнинг хулосалари ҳам буни тасдиқламоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз.
Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз.
Ҳар йили аҳолимиз ўртача 2 фоизга ўсмоқда, 1 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз катта ҳаётга кириб келмоқда. Ёшларимизга қараб, улар эришаётган ютуқларни кўриб, кўксимиз тоғдек кўтарилади, қандай улкан бунёдкор куч сафимизга қўшилаётганидан ғурурланиб кетамиз.
Албатта, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда, ҳеч шубҳасиз, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта.
Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда инсоний ва ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади. Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоиздан кўпроғи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради.
Барчамиз учун ҳам ота, ҳам она бўлган маҳаллага, шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт аввало ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади.
Албатта, биз учун ҳозирги глобал тараққиёт даврида, дунёда ўта кескин ва таҳликали жараёнлар юз бераётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳим ва зарур.
Донишманд боболаримизнинг “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар”, деган ҳикматли мақоли бор.
Чиндан ҳам, қаранг, кимки бирлашди – ҳаётда ўзди, ғалабага эришди. Кимки бирлашмади – тўзиб, йўқ бўлиб кетди.
Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.
Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф этаман.
Қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат.
Янги йилнинг номида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастурини қабул қиламиз. Ушбу дастурда юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини албатта топади. Бу ҳақда мен кейинроқ батафсил тўхталиб ўтаман.
Олдимизга қўйган мақсадларни фақат ўзимиз – катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, ҳурматли нуронийларимиз, опа-сингилларимиз, серғайрат ёшларимиз, зиёлиларимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз, Ватан посбонлари, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз.
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади. Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига кириш.
Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак. Шунинг учун, кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади.
Энди Мурожаатноманинг асосий қисми – 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида атрофлича тўхталиб ўтамиз.
Биринчи устувор йўналиш – маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.
Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради. Шу боис маҳалла тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали биз мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш борасидаги ишларни давом эттирамиз.
Ҳозирги вақтда қайсидир маҳаллада йўл, қайси бирида сув ёки электр масаласи, бошқасида боғча, мактаб, тиббиёт, яна бирида уй-жой билан боғлиқ масалаларга алоҳида-алоҳида ечим берилмоқда. Очиқ айтиш керак, бунинг ўзи билан маҳалладаги барча масалаларни тўлиқ ҳал бўлиб қолмайди. Шунинг учун келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади.
Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, улардаги ҳамма маҳаллада барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратамиз. Бу янги тажрибани Ургут туманидан бошладик. Туманда 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилади. Келгуси йил 544 миллиард сўм ажратилиб, 72 та боғча, мактаб, поликлиника, шунингдек, ички йўллар қурилади ва таъмирланади, каналлар бетон билан қопланади, 2 та сел-сув омбори барпо этилади.
Танлаб олинган 33 та туман ва 330 та шароити оғир маҳалладаги ишлар ҳам шундай ташкил қилинади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади.
Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан беряпмиз. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирамиз. Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз.
Албатта, бу ишларни самарали ташкил қилиш учун туман бюджети даромадларини камида 2 карра кўпайтиришга шароит яратиб бериш зарур. Шу мақсадда, 2026 йил 1 январдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади.
Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.
Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилади. Бу орқали туманлар бюджетида йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.
Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмни вилоятларнинг ўзига беряпмиз. Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур. Шу боис бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади.
Марҳамат, қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин. Шунда адолатдан бўлади.
Бу – бюджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув бўлади.
Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотларни бошлаймиз. Жумладан, шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олиш бўйича аниқ мезонларни белгилаймиз ва шу орқали экин майдонлари асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади.
Масалан, аҳолиси 250 минг кишидан зиёд шаҳарлар ҳозиргидек тартибсиз кенгайиб кетаверса, 2050 йилга бориб 27 минг гектар экин майдонлари бой берилади. Албатта, бунга йўл қўйиш мумкин эмас.
Шунингдек, республикамизда илк бор 45 та агломерация ҳудудини белгилаймиз. Келгуси йилда “Барқарор шаҳар” платформасини ишга тушириб, “яшаш учун қулайлик индекси”ни юритиш йўлга қўйилади. Бу индекс орқали шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллага хос муаммолар аниқланиб, уларга мос ечимлар берилади.
Биз камбағалликни қисқартириш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирдик. Такрор айтаман, ўтган даврда 8,5 миллиондан зиёд аҳолини камбағалликдан чиқаришга эришдик.
Асосий мақсадимиз – одамларимизни доимий даромадли қилишдан иборат. Пули бор одам яхши кийиниш ва овқатланишга, сифатли таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишга, мазмунли дам олишга, бир сўз билан айтганда, фаровон яшашга интилади.
Муҳими, бу жараёнда тадбиркорларимиз ҳал қилувчи куч сифатида энг олдинги сафда туриб, саноат ва сервис объектларини ташкил қилиб, доимий иш ўрни яратишда, аҳолимиз, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касбга ўргатиб, маҳаллаларнинг ўзида ишли ва даромадли қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда. Шунинг учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсатимизни давом эттириб, 2026 йилда асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолдирамиз; тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади; кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2026 йилда “маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредит берилади. Кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилади. Бунинг учун ҳам бюджетдан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилади.
Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳани амалга ошириб, 360 минг аҳолини ишли қилиш учун маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026 йилда яна 7,5 триллион сўм ресурс ажратилади.
Янги йилда маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиб, бунга 1 триллион сўм йўналтирамиз. Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борамиз.
Ана шундай ишларимиз туфайли 2026 йилда 1 миллион одамни доимий иш билан таъминлаб, 181 минг оилани камбағалликдан чиқарамиз, камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга туширамиз, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказамиз.
Қадрли ватандошлар!
Иккинчи устувор йўналишимиз – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдан иборат.
Жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Шунинг учун иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш – келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт.
Масалан, саноатда юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқларни ривожлантирганимиз ҳисобига жорий йилда 1 доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдорини 13 фоизга камайтиришга эришдик. Биргина шунинг ўзи яна 1 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконини берди.
Бу мисол шуни кўрсатадики, қаерда янги технология ва юқори малакали касб эгалари бўлса, ўша тармоқда ўсиш, ривожланиш бўлмоқда.
Шу боис 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл – барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдир. Бу – келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиямизнинг асосий йўналиши бўлади.
Юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор – Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда. Масалан, биз тўққиз йилда барча иқтисодиёт тармоқларига 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция олиб келдик. Жорий йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорларимиз билан яна 140 миллиард долларлик янги инвестициявий келишувларга эришдик.
Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар ва уларнинг трансфери; ташқи бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга; энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга; маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши керак. Яъни, юқори технология ва янги компетенциялар олиб кирган, экспорт учун ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлади.
Бундай стратегик инвесторларга лойиҳа учун ерлар бозор қийматида тўғридан-тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганида нобудгарчилик учун тўловни 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади. Ерни расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш ва инфратузилмага уланишга рухсатнома олиш учун инвесторлар идорама-идора юрмайди. Уларга “ягона дарча” тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган “invest.gov.uz” электрон платформаси ишга туширилади ва барча вазирликлар бунга уланади.
Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналарга дунёнинг машҳур брендларини жалб қиламиз. Ушбу зоналардаги корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлади. Улар учун махсус – имтиёзли инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилади ва халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилади.
Буларнинг барчаси – келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобидан 1 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Юртимизга инвестициялар оқимини кўпайтириш бўйича ҳам жуда катта режаларимиз бор. Шунинг учун ҳар бир келишувни лойиҳага айлантириш, сармояларни қисқа фурсатда жалб қилиш ва уларнинг самарадорлигига масъул, фақат ва фақат инвестиция билан ишлайдиган алоҳида янги тизим ташкил этилади.
Бундан ташқари, маҳаллий саноат ва кооперацияни ривожлантириш бўйича ҳам худди шундай алоҳида тизимни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Умуман, иқтисодиётни рақобатдош қилиш, инвестициялар самарадорлигини ошириш, саноат тармоқларини технологик трансформация қилиш мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда. Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади.
Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастурини бошлаймиз. Бунда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказишни (ўсиш 1,6 баробар); юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар оширишни марра сифатида белгилаймиз. Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади.
Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувват ишга туширилади. Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа (3-навбати) ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади. Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.
Яна бир йирик лойиҳа – Олмалиқ комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш бошланади.
“Самарқанд кимё” заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қашқадарёда 200 миллион долларлик янги кимё заводи қурилиши бошланади.
Умуман, 2026 йилда кимё саноатида – 4,5 миллиард долларлик; тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида – 3 миллиард доллардан; электротехникада – 2 миллиард долларлик; фармацевтикада – 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади. Шу тариқа 2026 йилда жами экспортимизни 40 миллиард долларга етказиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улушини 55 фоиздан оширамиз.
Келгуси йили иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда. Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва таннарх бўйича қаттиқ ишланса, бу кўрсаткични янада ошириш учун барча имкониятлар бор.
Шу боис саноатда “Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш” дастурини бошлаймиз. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича алоҳида лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳага халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар кредит ва грант жалб қилиниб, саноат корхоналари учун хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар олиб келинади; бизнес жараёнлари рақамлаштирилади; энергия ва бошқа харажатларни қисқартириш бўйича аудитлар ўтказилади; илғор технологиялар трансфер қилинади.
Бу борада “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилади. Марказ негизида робототехника, интернет буюмлари, “ақлли” фабрика каби “Индустрия 4.0” ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун “тартибга солиш механизми” яратилади. Бунда корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконига эга бўлади.
Аккредитация, метрология ва стандартлаштириш соҳаларидаги ислоҳотларимиз натижасида Ўзбекистон “Глобал сифат инфратузилмаси” индексида сўнгги икки йилда 15 поғона юқорилаб, 185 та давлат ичида 52-ўринга кўтарилди.
Бу албатта яхши. Шу билан бирга, маҳсулотларимиз рақобатдошлигини янада ошириш учун техник тартибга солиш соҳасини янги босқичга олиб чиқамиз. Бунинг учун “Давлат назорати” тизимидан халқаро тажрибада юқори самара берган “Бозор назорати” тизимига ўтамиз. Шунингдек, инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарни рағбатлантирамиз. Улар шундай маҳсулотни ўтган йилга нисбатан оширса, кўпайган маҳсулот ҳажми қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия берилади. Корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади.
Ана шундай ислоҳотлар орқали келгуси беш йилда саноатда меҳнат унумдорлиги ҳозирги 16,5 минг доллардан 30 минг долларга етказилади; 1 минг долларлик қўшилган қиймат яратишга кетадиган энергия сарфи 1,5 баробар камайтирилади.
Бу йил IT, финтех, сунъий интеллект каби йўналишлардаги маҳаллий стартапларга хориждан 270 миллион доллар инвестиция жалб қилдик. Кейинги йилдан “Рақамли стартаплар” дастурини кенгайтириб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизимни йўлга қўямиз. Бунда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Олийгоҳларнинг ўзида қоладиган маблағларнинг 10 фоизи ҳам инкубация марказларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Бундан ташқари, Марказий банкда Финтех офиси ва Инновацион хаб ташкил этилиб, унга Сингапурдан мутахассислар жалб қилинади. Бу орқали йилига 20-30 та финтех стартапни ташқи бозорга олиб чиқиш, уларга жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб этиш имконияти яратилади.
Умуман, венчур фондлар, стартаплар, финтех каби янги молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш, бу соҳадаги барча иштирокчилар ҳуқуқларини қонун билан кафолатлаб қўйиш зарур. Бунинг учун парламентимиз ҳукумат билан биргаликда “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини 1 мартгача ишлаб чиқса, айни муддао бўлади.
Бу йил мамлакатимизда IT хизматлари экспорти илк бор 1 миллиард долларни ташкил этди. Биз 2030 йилга бориб, IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олганмиз. Шу боис жаҳон бозорида рақобатдошликни ошириш учун Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этдик, IT инфратузилмасига инвестиция киритиш учун қатор имтиёзлар бердик.
Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та “Дата марказ”, 2 та супер-компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу – тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда минглаб иқтидорли ёшларимиз IT ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бормоқда. Уларнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади. Осиё тараққиёт банки буни қўллаб-қувватлаб, 200 миллион доллар ажратишга тайёрлигини билдирди.
Сунъий интеллект билан ёнма-ён юрадиган космик соҳадаги тадқиқотларни ривожлантириш, йўлдошли алоқа технологияларини жорий этиш борасида ҳам катта қадамлар ташладик. Бу борада 2028 йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказишга пухта тайёргарлик кўряпмиз.
Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик. Бу – Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради, деб ишонаман.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Маълумки, ишлаб чиқариш ҳам, истеъмол ҳам барқарор ўсиши учун узоқ муддатли маблағ зарур. Шу боис капитал бозорини иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгилаб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозоримизга олиб киришимиз керак. Бунинг учун халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда қабул қилиш лозим.
Курс тебраниши бўйича хатарларни камайтириш учун маҳаллий компанияларга ички бозорда ҳам хорижий валютада облигация чиқаришга рухсат берилади.
Келгуси йили корхоналаримиз илк бор халқаро бозорларда ҳам акцияларини жойлаштириши мумкин бўлади.
Умуман, капитал бозорини ривожлантириш орқали тадбиркорларга қўшимча 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилади.
2026 йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳам туб бурилишни амалга оширамиз. Кўрган чора-тадбирларимиз натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 45-50 фоиздан 28 фоизга пасайтиришга эришдик. Лекин бу ҳали дастлабки қадамлар, холос.
Бу борадаги ишларни кучайтириш учун алоҳида дастур қабул қилдик. 2026 йилда барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ва кўчмас мулк савдолари нақдсиз тўлов шаклига ўтказилади; солиқ, божхона, санитария-эпидемиология назорати, стандарт, карантин, қурилиш назорати инспекцияси, ёнғин хавфсизлиги каби 17 турдаги текширувларда “боди-камера”дан фойдаланиш мажбурий бўлади.
“Соя”даги иқтисодиётдан ихтиёрий равишда шаффофликка чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика, солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилади.
Умуман, дастур доирасида келгуси беш йилда яширин иқтисодиёт улуши 2 карра қисқартирилади; савдо ва сервис соҳаларида нақд пулсиз тўловлар улуши 75 фоиздан оширилади; расмий секторда банд бўлган аҳоли сони ҳозирги 8,5 миллиондан 14 миллионга етказилади.
Бир сўз билан айтганда, “Ҳалол меҳнат – хотиржам ҳаёт ва фаровон жамият гарови”, деган шиор асосида бу борадаги ишлар умуммиллий ҳаракатга айлантирилади.
Айрим юртдошларимизда топган даромадини иқтисодиётга йўналтириш, банк депозитига жойлаштириш, активларини ўз номига расмийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар бор. Шу боис депутатларимиз ва Марказий банк халқаро ташкилотлар билан маслаҳатлашган ҳолда, фуқароларимиз юртимизда ёки чет элда шу пайтгача олган даромад ва активларидан эмин-эркин фойдаланишига шароит яратиш бўйича таклифлар тайёрласа, ўйлайманки, тўғри бўлади.
Ҳурматли парламент аъзолари!
Энди, рухсатингиз билан, учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталмоқчиман.
Бозорларимиздаги тўкинлик, нарх-наво барқарорлиги, аҳолининг истеъмол талаби ортиб бораётгани – турмуш сифати яхшиланаётганини кўрсатадиган энг асосий омил.
Ички талабни рағбатлантирадиган муҳим факторлардан бири, бу – инфляция даражасидир.
Биз тўққиз йилда қулай бизнес муҳитини яратиб, товар ва хизматлар ҳажми ва турини кўпайтирганимиз; аҳолини даромадли қилиб, камбағалликни кескин қисқартирганимиз; кам даромадли оилалар учун ҳам йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит бераётганимиз; нарх-навони жиловлаб, инфляция даражасини “бир хонали” рақамга туширганимиз натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.
Биргина мисол, беш йил олдин аҳолимиз йилига 210 мингта квартира, 600 мингта автомобиль харид қилган бўлса, бу йил 270 мингта уй, 1 миллионта машина сотиб олди. Агар аҳолининг даромади, харид қобилияти ошмаганида, биргина кўчмас мулк ва автомобиль бозори 20 миллиард долларга етармиди?
Ўтказилган сўровлар ҳам, халқаро экспертлар таҳлиллари ҳам 75 фоиз аҳолининг молиявий ҳолати кескин яхшиланганини тасдиқламоқда. Албатта, бу натижалар билан чекланиб қолмасдан, халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз.
Таҳлилларга кўра, аҳоли даромади 10 фоизга кўпайса, истеъмол 8 фоизга ошади. Бу – янги маҳсулот ва хизматларга талаб, дегани, бу – қўшимча қувватлар, қўшимча иш ўрни, дегани.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратамиз. Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредити миқдори 15 фоизга оширилади.
Келгуси йилда 140 мингта квартирали кўпқаватли уй-жой барпо этилиши рўзғор учун зарур истеъмол товарларига талабни ошириши табиий, албатта. Бу талабни молиявий манбалар билан таъминлаш мақсадида 2026 йилда жорий йилги 104 триллион сўм ўрнига 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратилади.
Умуман, 2026 йилда қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоизга кўпайтириб, 30 миллиард долларга етказишни режа қиляпмиз.
Бунинг иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатишини ҳисоблаб кўрайлик. Қурилиш материали, уй-рўзғор учун тўқимачилик маҳсулотлари, электр техникаси, мебелсозлик каби тармоқлар, ушбу объектларга хизмат кўрсатадиган сервис соҳалари учун қўшимча 5 миллиард долларлик бозор бўлади. Бу – 300 мингта қўшимча янги иш ўрни дегани.
Аҳоли даромади кўпайгани хизматларга талабни ошириб, сервис соҳаси иқтисодиётнинг “драйвери”га айланиши учун катта туртки бермоқда. Бу йилнинг ўзида хизматлар ҳажми қарийб 15 фоиз ўсиб, 82 миллиард долларга етди.
Хизматларга бўлган талабни рағбатлантириш учун 2026 йилда соҳага 85 триллион сўм кредит, 9 триллион сўм субсидия ажратамиз. Хусусан, таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм берилади.
Кейинги беш йилда хорижий туристлар сонини 2 карра – 11 миллион нафардан 20 миллион нафарга ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра оляпмиз. Шу мақсадда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Самарқандда Бибихоним, Регистон мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Афросиёб музейини бир-бири билан боғлайдиган замонавий йўлак ва кўприклар барпо этилади.
Шаҳрисабзда “Ғелон” йирик туристик мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилади. Поп туманида “Арашан” тоғ-дам олиш туристик зонаси ташкил этилади. Хивадаги Ичанқалъани иммерсив, яъни, “жонли” ва “ақлли” музей-шаҳарга айлантирамиз. Хоразм ва Қорақалпоғистондаги археологик ёдгорликлар бўйлаб йирик туризм ҳалқаси ташкил этилади.
Шунингдек, янги йилда тадбиркорлар томонидан 4 миллиард долларлик 3,5 мингдан зиёд янги сервис объектлари ишга туширилади. Туризм масканларини ташкил қилиш учун келгуси уч йилда 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан “Ўзбекистон мероси меҳмонхоналари” дастурини бошлаймиз. Маданий мерос объектларида хусусий шериклик асосида “бутик меҳмонхона” ташкил қилиш учун нуфузли меҳмонхона тармоқлари олиб келинади. Дастур иштирокчиларига ер, мулк, фойда солиқлари ва божхона тўлови бўйича имтиёз берилади.
Мана шу ишлар ҳисобига 2026 йилда хизматлар бозорини 100 миллиард доллардан оширамиз.
Туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис 2026 йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари сонини 105 тадан 120 тага етказамиз. Маҳаллий авиақатновлар сонини ошириш учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади.
Энди, нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилади. Бу – чипта нархини пасайтириш ва талабни оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, янги самолётларимиз учун учувчилар, уларга техник хизмат кўрсатувчилар, аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади.
Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан 6 та тезюрар поезд олиб келамиз. Бунинг биринчи таркиби яқин кунларда келади.
Умуман, ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади.
Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қуришга киришамиз. Келгуси йили 110 километр темир йўл тармоғи қурилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади. Тошкент – Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун янги темир йўл линияси қуришни бошлаймиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Навоийдаги вокзаллар ҳам хусусий шериклик учун берилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таҳлилига кўра, сифатли йўллар иқтисодиётимизнинг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради.
Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади. Бунда Андижон билан Қўнғиротни, Тошкент билан Термизни, Самарқанд билан Шаҳрисабзни, Олот билан Сариосиёни боғлайдиган, узунлиги 4 минг километр магистрал йўлларни халқаро талабларга мос “автобан”ларга айлантирамиз.
2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километр йўлларда реконструкция ишлари якунланади.
Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ, Пунғон – Наманган ва Қарши – Шаҳрисабз йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган 800 километр йўллар қурилишига катта тайёргарлик кўриб, ҳамкорларни белгилаб олдик.
Тошкент – Самарқанд йўлининг қурилиши март ойидан, қолган йўллар бўйича амалий ишлар эса 1 июлдан кечиктирмасдан бошланади. Яна 1 минг 200 километр йўллар 2030 йилгача халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қайта қурилади.
Энди йўлларни лойиҳалаштиришда аҳолининг фикри, транспорт қатновининг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш, пиёдалар учун “тўсиқсиз” муҳит яратиш бўйича қатъий талаблар қонун даражасида мустаҳкамланади.
Йўл қурилишига илғор технология ва стандартларни жорий этиш устувор тамойил сифатида белгиланади. Парламентимиз “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилишда йўлларни режалаштириш тизимини назарда тутса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Аҳолининг даромади, хорижий туристлар оқими тобора ортиб бораётгани келгуси беш йилда озиқ-овқатга бўлган талабни 1,5 карра оширади. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ҳозирги 40 миллиарддан 60 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра оламиз.
Икки ҳафта олдин аграр соҳа вакиллари билан учрашиб, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни янги технологиялар асосида ошириш бўйича барча масалаларни ечими билан муҳокама қилиб олдик.
Умуман, янги йилда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун 52 триллион сўм ажратамиз.
Озиқ-овқат маҳсулотларини халқимизга барқарор нархда етказиб бериш ҳам тўлиқ ислоҳ қилинади. Бозорларимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил – ўн икки ой барқарор нархда таъминлаш учун 2026 йилдан доимий интервенция тизимига ўтамиз. Ҳудудлардаги “Озиқ-овқат жамғармалари”га ажратиладиган ресурсни 2,5 баробар кўпайтириб, 500 миллиард сўмга етказамиз. Шунингдек, мева-сабзавотга ихтисослашган 1 мингта маҳаллада сиғими 100 тоннагача бўлган кичик совиткичли омборлар барпо этилади.
Бу ишларимиз келгуси йил инфляция даражасини 6-6,5 фоизга туширишга хизмат қилади.
Муҳтарам ватандошлар!
Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш – келгуси йил учун дастуримизнинг тўртинчи устувор йўналишидир.
Ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади.
Бу жараёнлар бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Саноатда – автоматлашган линиялар, аграр соҳада – ақлли технологиялар, транспортда – интеллектуал бошқарув кундалик ҳодисага айланиб бормоқда.
Энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур.
Мутахассисларнинг фикрича, болада бирор-бир касбга қизиқиш 7-синфдан бошланиб, қайси касбни танлаши 9-синфда тўлиқ маълум бўлади. Шу боис 9-синф битирувчиларини фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқишига қараб саралаб олиш тизимини жорий қиламиз. Бунда олийгоҳларга кириш истагида бўлмаган ёшлар техникумларга юборилади.
Яқинда техникумларга замонавий қиёфа ва янгича муҳит олиб кириш бўйича беш йиллик дастурни тасдиқладик.
Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Бунинг учун, 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили камида 100 тадан техникумни тўлиқ таъмирлаб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борамиз. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сонини 100 тага етказамиз.
Бугун сизларга яна бир янгиликни етказмоқчиман: 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади. Бунда Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритса, “Касблар шаҳарчаси” – мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, “яшил” энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
Бу тизимни мамлакатимизда уч йил олдин йўлга қўйиб, ўқувчилар қамровини 15 фоизга етказдик.
Бугун автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қурилиш, транспорт, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм, сервис, IT каби йўналишларда 70 мингга яқин ўқувчи “дуал таълим” асосида ўқиб, ойига 10 миллион сўмгача маош олмоқда.
Энди техникум ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз. Хусусан, “дуал таълим” асосида ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади; тадбиркорлик рейтингида қўшимча 5 балл берилади; корхоналар ишга олган техникум ўқувчиси учун 1 фоизли ижтимоий солиқ имтиёзи яна уч йилга узайтирилади.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб техникумларда таълим олаётган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланади; “аъло” баҳоларга ўқиётган, танлаган касбини пухта эгаллаётган фарзандларимизга эса оширилган миқдордаги стипендиялар берилади.
Иқтисодиётнинг устувор йўналишлари учун юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган кадрларни тайёрлашга эътиборни кучайтиришимиз зарур.
Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли “Обуда” университети бошқарувига бериш бўйича қарор қабул қилдик.
Яқинда Японияга ташрифимиз давомида Ўзбекистонда “Цукуба” миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ ташкил қилиш ҳақида келишиб олдик.
Биз бу тажрибани давом эттириб, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларимизга дунёнинг энг нуфузли университетларини жалб қиламиз.
Яна бир масала – меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келмоқда. Энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратамиз. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда кўриниб туради. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
Бу йил соғлиқни сақлаш ходимлари билан икки марта учрашиб, кўриб чиқилган барча масалалар бўйича алоҳида фармон ва қарорлар қабул қилдик.
Тиббиёт тизимида ҳам касбий таълимни ривожлантириш учун Англиянинг “Pearson” компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамширалар тайёрлаш бошланди. Энди ана шу техникумларга Германия, Швейцария, АҚШ, Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари ҳам жорий этилади. Шу асосда халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамширалар таркибини шакллантирамиз.
Кенг кўламли ислоҳотларимизни соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича ҳам жадал давом эттирамиз. Тиббиёт муассасаларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш учун “мастер режа” ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, инфаркт, инсульт, онкологик, нефрологик каби юқумли бўлмаган касалликларни даволаш ҳамда трансплантация, вакцинация, она-бола саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишларига ўтган йиллардан 1,5 баробар кўп – 3,5 триллион сўм ажратамиз.
Қадрли дўстлар!
Экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бешинчи устувор йўналишимиздир.
Йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун биринчи босқичда 100 миллион долларлик кредит линияси очилади.
Келгуси йили Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг навбатдаги ассамблеяси ва Марказий Осиё халқаро экокўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлар тармоқлар, ҳудудлар ва бизнес учун ҳамкорлар топиш, янги эколойиҳаларни биргаликда бошлашга катта имконият яратади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2 мингга яқин кўмир ва газда иситиладиган иссиқхона бор. Улардан ҳавога йилига 137 минг тонна зарарли модда чиқади. Энди кўмирда фильтрсиз ишлайдиган қозонхоналардан воз кечамиз. Уларни пойтахт атрофидан кўчириб, ҳамма жойда марказлашган қозонхоналар орқали иситишни йўлга қўямиз. Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтадиган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилади.
Шаҳарларимиздаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказмоқда. Шу боис дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб, экологик стикерлар тизими жорий этилади. Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Бунинг учун алоҳида Жамғарма ташкил қилинади. Эски машинасини алмаштираман деганларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Фильтр ўрнатиб, зарарни камайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчилар учун харажатларининг бир қисми бўйича субсидия ажратилади.
Азим пойтахтимиз ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифамиз бўлади. Шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун махсус йўлаклар кўпайтирилади. Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади.
Экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастурни амалга оширамиз. Бунда маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади; ерларни аукциондан 2 карра арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларида автомобилларни зарядлашда 1 киловатт-соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.
Энг асосийси, бу ишларни тўғри йўлга қўйсак, пойтахтимиз, вилоят марказлари ва йирик шаҳарлар фақат экотранспортлар ҳаракатланадиган ҳудудга айланади.
Чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади.
Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилинади.
Корхоналарда экостандартларни жорий қилиш учун келгуси беш йилда камида 30 минг нафар экология менежерига талаб пайдо бўлади. Шунинг учун 2026 йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.
Янги йилда Марказий Осиё Яшил университети фаолиятини кенгайтирамиз.
Ҳаво, сув ва тупроқ сифатини аниқлаш имконини берадиган комплекс лабораториялар ташкил этилади. Шаҳарларда табиий вентиляцияни кучайтиришга қаратилган тадқиқотлар ўтказилади.
Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.
Сўнгги беш йилда 6 минг мегаваттли қуёш, шамол ва гидро электр станциялари ишга туширилди, умумий генерацияда “яшил” энергиянинг улуши 30 фоизга етди.
Яқинда ҳамкорларимиз билан жами 3,5 минг мегаваттли 4 миллиард 200 миллион долларлик янги “яшил” қувватлар қурилишига старт бердик. Бу ишларимиз орқали 2026 йилнинг ўзида 7 миллиард куб метр табиий газ тежалади ва ҳавога 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Муҳтарам ватандошлар!
Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик.
Яқинда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш, сув иншоотларини модернизация қилиш, суғориш тадбирлари бўйича келгуси уч йил учун қиймати 5,5 миллиард долларлик катта дастур қабул қилдик.
Дастур доирасида сувни тежайдиган технологиялар қамрови 61 фоизга ёки 2,6 миллион гектарга етказилади. Натижада йилига 2,5 миллиард куб метр сув тежалади, 200 минг тонна буғ гази камайтирилади.
Умуман, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистрал каналлар бетон билан қопланади. Бунинг учун бюджетдан 3 триллион сўм сарфланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қиламиз. Ушбу мақсадларга дастлабки босқичда 2026 йил учун 100 миллион доллар ажратамиз.
Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳаларни бошлаймиз. Қашқадарёдаги “Пахтаобод” каналини босимли қувурга ўтказиш бўйича 134 миллион долларлик лойиҳа бу борадаги биринчи қадам бўлади.
Булар орқали қўшимча равишда 20 минг гектар экин ери очилади, яна 25 минг гектар майдон кафолатли сув билан таъминланади.
Айни вақтда пойтахтимиз, вилоят марказлари ва шаҳарларда “яшил” ҳудудларни кўпайтириш учун суғориш, дренаж тизимларини қайта тиклаш зарур. Бир сўз билан айтганда, шаҳарларнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак. Бунинг учун 160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади; 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.
Бошқа ҳудудлар раҳбарлари ҳам четдан камида 20-25 миллион доллар маблағ олиб келиб, келгуси йилдан вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда бундай лойиҳаларни бошлайди.
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Олтинчи устувор йўналишимиз бўлган замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларимизни давом эттирамиз.
Аввало, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади. Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари; 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари; 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими; 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади.
Содда қилиб айтганда, маҳалладан тортиб республика даражасида ҳал бўладиган ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати, ресурси бир жойда кўриниб туради.
Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз.
Оддий сўзлар билан тушунтирсам, янги уй қурган фуқаро кадастр ҳужжатини олиш учун мурожаат қилса, янги платформа сув, электр ва газга уланиш масаласини ҳам шу заҳоти ҳал қилиб беради. Бундай хизматлар 2026 йилда 100 тага етказилади.
Ш.Шерматов, А.Тошқулов, У.Ҳусаинов келгуси йилда Наманган, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри, шунингдек, улардаги туман ва маҳаллаларда қурилиш, адлия, олий таълим, солиқ идоралари ва уларнинг вилоят, туман бўлимларида ушбу платформани тўлиқ синовдан ўтказиши шарт.
Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳокимлар ҳам янги йилда худди шундай ишларни ўз туманидаги тизимда йўлга қўйишни бошлаши, давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш бўйича қаттиқ ишлаши зарур.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Бугунги кунда Олий Мажлисимиз энг кучли парламентларга хос бўлган барча назорат ваколатларига эга. Хусусан, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламентимиз белгилаб келмоқда.
Энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллашни ҳам парламент ваколатига ўтказсак, нима дейсизлар?
Кўплаб ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар фикрини ўрганиб, 2026 йил 1 январдан давлат харидларида очиқ, шаффоф ва адолатли тизим яратаяпмиз. Бу – тадбиркорларимизга 300 триллион сўмлик кафолатли бозорда ўзларининг товар ва хизматлари билан фаол иштирок этишлари учун катта имкониятлар эшигини очади.
Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Хабарингиз бор, конституциявий ислоҳотларимиз доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимларини бир-биридан ажратган эдик. Энди бу тизим 2026 йил 1 январдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади. Айни пайтда ушбу жиддий сиёсий ислоҳот – ҳокимлар ва ижро идораларидан Кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни талаб қилади.
Бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритилади.
Ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим.
Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади. Ушбу институтларга ижтимоий буюртма бериш тизими рақамлаштирилиб, молиялаштириш ҳажми 2 карра оширилади.
Бундан ташқари, хайрия ташкилотларини тузиш тартиби соддалаштирилади, ҳисобдорлик ва шаффофлик механизмлари такомиллаштирилади.
Такрор айтаман, юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Муҳтарам депутат ва сенаторлар!
Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларимизни изчил давом эттирамиз.
Биз одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишни бошладик. Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирамиз. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади.
Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини ҳам берамиз. Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва ролини ошириб борамиз.
Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.
Суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди. Шу боис мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни ҳам киритамиз. Натижада соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилади.
Кўраяпсизлар, шиддат билан ўзгараётган дунёда гиёҳвандлик хавфи аҳоли генофонди учун энг катта таҳдидга айланиб бормоқда. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида бундай хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Бу йил 14 мингдан зиёд гиёҳвандлик жинояти қайд қилинган. Уларнинг 3 мингга яқинини ёшлар содир этгани барчамизни жиддий ўйлантириши керак.
Наркотик савдолари трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса жиноятларни аниқлашда янги усулларни қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб қилмоқда.
Яқинда ушбу масала бўйича Миллий дастур қабул қилдик. Энди наркожиноятларга қарши курашишни умуммиллий ҳаракатга айлантириб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратамиз.
Ким бу вазифа фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг иши, деб ўйласа, хато қилади.
Юртимиздаги ҳар бир бола, ҳар бир ёш – бизнинг фарзандимиз, уларни гиёҳвандлик чангалига ташлаб қўйишга асло йўл қўймаймиз.
Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз.
Наркожиноятларга қарши курашиш бўйича республика ишчи гуруҳи давлат идораларининг бор куч ва имкониятларини ишга солиб, келгуси йилда наркотикларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш каналларига чек қўйиш бўйича янги тизим яратсин.
Бу – Президентнинг топшириғи, бу – ота-оналарнинг хоҳиш-истаги, бу – жамиятнинг талаби!
Тинчлик ҳукм сурган, қонун устувор бўлган, фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган жойга инвестиция ҳам келади, бу ерда туризм ҳам ривожланади. Лекин сўнгги пайтларда ўзини қонундан устун қўйган, тадбиркорларга босим қилиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган, иқтисодиётимизга жиддий путур етказадиган мураккаб молиявий жиноятларни содир этаётган, ўзини “қози” деб ҳисоблаб, одамлар ўртасидаги олди-берди масалаларини ҳал қилиб юрган айрим жиноий тўдалар ҳам кузатилмоқда.
Энг ачинарлиси, “осон пул топаман”, деган илинжда билагида кучи бор айрим спортчилар ҳам бундай жиноий тўдаларга қўшилиб қолмоқда.
Яна бир ёмон жиҳати – Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳлар айрим чет давлатларда ҳам мавжудлиги юртимизнинг халқаро обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳамма эшитиб олсин: бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз!
Ўзбекистонда – фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!
Хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш – қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келган. Лекин жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас деб биладиган халқимизга асло ярашмайди.
Сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2 мингдан зиёд жиноят аниқланган.
Ҳеч қачон унутмайлик, оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас, бу – бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаши барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда, бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратсин.
Парламентимиз, фуқаролик жамияти институтлари ҳам бу жараёнларда фаол иштирок этса, албатта натижа бўлади.
Такрор ва такрор айтаман. Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид.
Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз.
Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу раҳбарлар тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ва Президент олдида ҳисобот беради.
Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.
“Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!
Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди.
Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади.
Президент Администрацияси Комплаенс хизмати бу тизимни 1 январдан бошлаб барча давлат идоралари ва ташкилотларида ишга тушириб, жиловни маҳкам қўлга олсин.
Мансабидан қатъи назар, порахўрлик ва суиистеъмолчилик бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шахсан менга ахборот киритиб боради.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, вазмин ва оқилона очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятимизни давом эттирамиз.
Яқин қўшниларимиз билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз. Бунда минтақамиз давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, сув, экология, хавфсизлик, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштирамиз.
Aфғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, уни минтақадаги иқтисодий жараёнларга кенг жалб қилиш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолади.
Асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Иордания, Кувайт, Ўмон, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлар билан кўпқиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари билан янги ва истиқболли йўналишларда манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Жанубий Кавказ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни кенгайтириш стратегик йўналишларимиздан бири бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги анжуманимизда қатнашаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига қарата айтмоқчиман: биз билан алоқаларни кенгайтириб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатларингиз ҳукуматларига алоҳида ташаккур билдираман.
Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз.
Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётимизни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларни давом эттирамиз.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида анъанавий, кенг қамровли шериклик алоқаларини янада кенгайтирамиз.
Бундай улуғвор вазифалар биздан юртимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини оширишни талаб этади. Бунинг учун биз барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Азиз ватандошларим!
Бугун сизлар билан 2026 йил ва келгуси беш йил учун катта марраларни белгилаб олдик.
Эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади. Парламент вакилларини ҳам бу жараёнда ўз таклифлари билан фаол иштирок этишга чақираман.
Келгуси йилда маънавият соҳасини янада ривожлантириб, ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим саналарни кенг нишонлаймиз. Жумладан, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг пойдевори бўлган Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллигини катта байрам сифатида ўтказамиз.
Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларига тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак. Бундай улуғ саналарни юксак даражада, ҳар томонлама муносиб ўтказиш учун албатта тегишли қарорларни қабул қиламиз. Уларни амалга оширишда маҳаллалар, таълим-тарбия масканлари, меҳнат жамоалари, зиёлиларимиз, хориждаги элчихоналаримиз, умуман, бутун халқимиз фаол иштирок этади, деб ишонаман.
Қадрли ва муҳтарам юртдошлар!
Бугун сизларга, сизлар орқали бутун эл-юртимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: бугун тарихнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи зиммамизга буюк бир масъулиятни юкламоқда.
Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда.
Ҳаммамизга аёнки, Мирзо Улуғбек бобомиз бундан олти аср муқаддам инсоният учун юлдузлар харитасини яратган эди. Бугун эса биз ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасини яратишимиз лозим.
Мана шу ҳақиқатни чуқур ҳис этиб, барчамиз бирлашиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай юксак маррани забт этишга қодирмиз, бирон-бир куч бизни ўз йўлимиздан қайтара олмайди.
Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб олға интилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз!
Мен бу йўлда мард ва олижаноб халқимизга ишонаман!
Ўзбекистоннинг беқиёс кучи ва имкониятларига, азиз ёшларимизнинг азму шижоатига ишонаман!
Фурсатдан фойдаланиб, эл-юрт манфаати, Ватан тақдирини ўйлаб, муқаддас заминимизнинг асл фарзандлари, фидойи посбонлари бўлиб, ўзини аямасдан, сидқидилдан меҳнат қилаётган сиз, азизларга, бунёдкор халқимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилавий бахт-саодат, янги йилда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.


