icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди

10.03.2026

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қашқадарё ўзининг катта ҳудуди, бой табиий ресурслари, ривожланган саноати, меҳнаткаш ва тадбиркор халқи билан улкан салоҳиятга эга экани таъкидланди.

Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулотда 6,8 фоиз, саноатда 7,2 фоиз, хизматлар соҳасида 13,6 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,3 фоизлик ўсиш қайд этилди. 2017-2025 йилларда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3,2 баробар ўсиб, 26,9 миллион сўмга етди. Ишсизлик ва камбағаллик даражаси тегишли равишда 4,9 ва 6,5 фоизгача тушди.

2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан саноатда 8,6 фоизлик ўсишни таъминлаш, 3,5 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 727 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилгани қайд этилди. Натижада вилоят иқтисодиёти 8,2 фоизга, хизматлар 15,9 фоизга, қурилиш 13,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Саноатда 1,7 миллиард долларлик 195 та лойиҳани ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда микросаноат марказлари ташкил этиш орқали тармоқларда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда қатор йирик саноат лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди. Жумладан, мато, кийим-кечак ва гигиеник воситалар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари, электр автомобиллари учун қувватлаш станциялари, фиброцементли панеллар ва девор плиталарини ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Муборак махсус инновацион саноат зонаси ва Қарши яшил технологиялар саноат зонасини ташкил этиб, 2026-2027 йилларда уларда 1,1 миллиард доллардан зиёд бўлган 36 та лойиҳани амалга ошириш ва 6 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Янги ёндашувлар асосида маҳаллаларни чуқур ва ўрта ихтисослаштириш, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш ҳисобига камбағалликни қисқартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, маҳаллаларда 820 миллиард сўмлик кредитлар, 52,3 миллиард сўмлик ссуда ва субсидиялар ажратиш, ўзини ўзи банд қилганларни қўллаб-қувватлаш орқали 48 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этилади, 31 мингта микролойиҳа амалга оширилади.

Натижада 2026 йил якунига қадар ишсизликни 3,2 фоизга, камбағалликни 3 фоизга тушириш, бунда Ғузор, Қамаши, Кўкдала, Миришкор, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.

Дунёда гўшт нархлари ошиб бораётган ҳозирги шароитда вилоятда чорвачилик ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйлов ерларидан унумли фойдаланиш бўйича янги тизим жорий этилаётгани таъкидланди.

Бунда 2030 йилгача 200 минг гектар, шу жумладан, 2026 йилда 15 минг гектар ерни ўзлаштириш, инфратузилма билан таъминлаш орқали озуқа экинлари, картошка, сабзавот, дуккакли ва мойли ўсимликлар етиштириш ҳажмларини ошириш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда ғалла ҳосилдорлигини ўртача 84,8 центнерга, пахта ҳосилдорлигини 47,5 центнерга, картошка ҳосилдорлигини 175 центнергача ошириш режалаштирилган. Шунингдек, 48 та ғалла комбайни, 272 та чигит экиш сеялкасини харид қилиш, сув тежовчи технологиялар ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигида даромадни 20-35 фоизга ошириш имкони мавжудлиги кўрсатилди.

Сув таъминоти Қашқадарё учун энг оғир масалалардан экани қайд этилди.

Экинларнинг катта қисми насос орқали суғорилиши шароитида 2026 йилда 320 километр магистрал ва 3,3 минг километр ички каналларни бетонлаш, 70,6 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, 27,4 минг гектарда лазерли текислаш ишларини амалга ошириш ҳамда 16 та насос станциясини модернизация қилиш вазифалари белгиланди. Бу орқали 800 миллион куб метргача сув иқтисод қилиниши кутилмоқда.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳрига сув тортиш лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Ушбу лойиҳа доирасида 16 та ичимлик суви иншооти ва 416 километр тармоқ қурилади. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Деҳқонобод ва Қамаши туманларидаги канализация тармоқлари реконструкция қилинади.

Туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича йилига 1 миллион сайёҳни жалб қилаётган Мираки шаҳарчаси тажрибаси асосида янги лойиҳаларни қолган туманларда ҳам кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Қамаши туманида “Майданак” баланд тоғ туризм марказини ташкил этиш, Шаҳрисабз туманида бир вақтнинг ўзида 13 минг саёҳатчига хизмат кўрсатадиган “Ғелон” халқаро умуммавсумий курортини барпо этиш, Яккабоғ тумани Татар қишлоғида туризмни ривожлантириш, Ҳазрати Султон чўққиси ҳудудида трекинг йўналишлари ва чодирли уйлар оромгоҳини ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.

Умуман, жорий йилда 45 та меҳмонхона ва меҳмон уйи ташкил этилиб, қўшимча 1130 ўрин яратилиши белгиланди.

Вилоятда йўл, уй-жой ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам аниқ дастурлар муҳокама қилинди. “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги 2 та туман ва 46 та маҳаллада, шунингдек, оғир тоифадаги 3 та туман ва 108 та маҳаллада ички йўллар, сув таъминоти, суғориш инфратузилмаси ҳамда электр тармоқларини яхшилаш учун жами 864 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди.

Ижтимоий йўналишда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича кўрсаткичлар белгиланди. Жумладан, янги давлат ва хусусий боғча, мактаблар ташкил этиш, 120 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, 21,1 минг нафарини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, “Аёллар дафтари” орқали 102 минг нафарига ёрдам кўрсатиш чоралари назарда тутилган.

Германия билан ҳамкорликда тартибли меҳнат миграцияси ва касбий тайёргарлик бўйича янги ташаббуслар тақдим этилди. 2026 йилда 3000 нафар, 2027 йилда 5000 нафар ёшни Германияга ишга йўналтириш, уларни ўқитиш учун Қарши шаҳрида Таълим ва технологиялар марказини очиш режалаштирилган.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, инвестиция ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo