icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди

09.04.2026

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганидек, авваллари Сўх етиб бориш қийин, транспорт ва логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари заиф ҳудудлардан бири эди. Сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик ва қатъий сиёсий ирода туфайли бу ҳудудни комплекс ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилди. Янги йўллар очилди, чегарадан ўтиш тартиблари енгиллаштирилди, тадбиркорлик учун шароитлар яхшиланди, замонавий боғча, мактаб, поликлиника ва уй-жойлар барпо этилди.

Бугунги кунда Сўхдаги 25 та маҳаллада 88,6 минг аҳоли яшайди. Ҳудудда 29 та мактабгача таълим ташкилоти, 33 та мактаб, 2 та ўрта махсус таълим муассасаси, 14 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 2 та маданият объекти фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 13 минг 921 та иш ўрни яратилди, 1 минг 667 та оила камбағалликдан чиқарилди.

Умуман, Сўхдаги ўзгаришлар шунчаки инфратузилма янгиланиши эмас, балки ҳудуднинг иқтисодий фаоллиги ошгани, аҳоли ишончи мустаҳкамлангани ва ёшлар учун имкониятлар кенгайганининг амалий ифодасидир. Бугунги Сўх аста-секин минтақавий иқтисодий тизимга қайта қўшилмоқда.

Шу билан бирга, туманда камбағаллик даражаси 7,9 фоиз, ишсизлик 5,5 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткичлар ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда мутасаддилар жорий йилда туманга 40 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 15 миллион долларлик экспортни таъминлаш режаси олингани ҳақида ахборот берди. Бунинг ҳисобига саноатда 9 фоиз, хизматлар соҳасида 17,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 7,6 фоиз ўсишга эришиш кўзда тутилган.

Йиғилишда туманнинг туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Сўхнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, дарёлари ва салқин иқлими мазкур соҳани иқтисодиёт драйверларидан бирига айлантириш имконини бериши таъкидланди. Масалан, Сариканда, Ровон ва Истиқлол маҳаллаларидан ўтган Сўх дарёси қирғоқларида янги туризм объектларини қурса бўлади. Ёки бу ерда реабилитация, физиотерапия, дори-дармон логистикаси ва тиббий таълимни бир ҳудудда жамлаган Тиббий хизматлар кластерини ташкил этиш учун барча шароитлар мавжуд.

Умуман, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида 60 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, қарийб 2 минг иш ўрни яратиш, туризм хизматлари ҳажмини 15 миллиард сўмга, экспортни эса 2 миллион долларга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Энг муҳим вазифалардан бири сифатида аҳоли яшаши ва меҳнат қилиши учун қулай инфратузилма яратиш, тадбиркорликни кенгайтириш ва бандликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳар бир маҳаллада 10 тадан, жами 300 та микролойиҳа ишга туширилиб, 8,6 минг аҳоли касб-ҳунарга ўқитилади. Бу лойиҳаларга банклар томонидан 64 миллиард сўм кредит ресурси йўналтирилади, ижтимоий ва инфратузилма объектлари учун эса қўшимча 74,5 миллиард сўм ажратилади.

Транспорт-логистика масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Туманнинг бошқа ҳудудлар билан боғлиқлигини ошириш, чегарадан ўтишни тезлаштириш ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича амалий чоралар белгиланди.

Аҳоли даромадининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ экани инобатга олиниб, ушбу соҳада замонавий ёндашувлар ва янги технологияларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, Қайроқ массивидаги 425 гектар яйловда мевали боғлар, Чашма маҳалласидаги 60 гектар ерда заъфарон плантациялари, Озод ва Сўх хўжаликларига қарашли 100 гектар майдонда картошка етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди. Шунингдек, Навобод маҳалласида балиқчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа тақдим этилди. Унга кўра, 50 сотихдан 30 та ҳовуз ташкил қилиниб, ҳар бир ҳовуздан 50 тоннадан форель балиғи етиштириш мумкин.

Шу билан бирга, Девайрон ва Тул-дашт ҳудудлари оралиғида 8 километр узунликда ўзи оқар суғориш тармоғи қурилиши ҳисобидан 500 гектар мевали боғ ва қўшимча 300 гектар экин майдонини ўзлаштириш имконияти мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари Сўх туманини ривожлантиришда энг асосий мақсад одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш қилиш, аҳоли даромадини ошириш, иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг транспорт боғлиқлигини янада кучайтиришдан иборат эканини таъкидлади. Мутасаддиларга туман бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo