icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига

16.04.2026

Қадрли юртдошлар!

Аввало, сиз, азизларни 18 апрель – Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ўз хизмат жойида кечани – кеча, кундузни – кундуз демасдан, фидокорона меҳнат қилиб, аҳоли, ташкилот ва муассасаларнинг қулай ва замонавий шароитларда яшаши ва фаолият кўрсатишини таъминлаб келаётган сизлар каби моҳир муҳандис ва ишчилар, уста ва чилангарлар, механик ва технологлар, мутахассислар ва фахрийларга, кўпмиллатли соҳа ходимларига ушбу қувончли айёмда чуқур ҳурматимиз ва эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан раҳматлар айтамиз.

Азиз дўстлар!

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар қатори халқимиз турмуш даражасини оширишда муҳим ўрин тутиб келаётган коммунал тизимда ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, илғор халқаро тажрибалар асосида уй-жойларга хизмат кўрсатиш бўйича бошқарув сервис компаниялари ташкил этилгани, уларга давлатимиз томонидан зарур имтиёз ва кафолатлар берилгани хизматлар сифатини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимиздаги 45 мингта кўп қаватли уйнинг 90 фоиздан ортиғига 1 мингдан зиёд ана шундай ташкилотлар хизмат кўрсатаётгани, сўнгги 9 йилда 3 триллион 700 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 51 мингга яқин уйлар таъмирланиб, 3 минг 500 та лифт янгисига алмаштирилганини таъкидлаш лозим.

Соҳада рақамлаштириш жараёнлари жадал олиб борилаётгани туфайли салкам 42 мингта кўп қаватли уй ва 1 миллион 500 минг нафардан ортиқ мулкдорлар “Менинг уйим” биллинг тизимида рўйхатга олинди. Бу эса бошқарув ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларни бевосита кузатиб, уларнинг фаолиятини баҳолаб бориш имконини бермоқда.

Бундан ташқари, 3 минг 400 та ичимлик ва оқова сув иншооти ва 42 минг километрдан зиёд сув тармоқлари барпо этилди ва реконструкция қилинди. Натижада юртимизда аҳолини ичимлик суви билан марказлашган тизим орқали таъминлаш даражаси 2017 йилдаги 63 фоиздан ҳозирги вақтда қарийб 83 фоизга етди. Иссиқлик таъминоти соҳасидаги кенг кўламли ишлар ҳисобидан қарийб 100 та марказий ва маҳаллий қозонхона, 1276 километр иссиқлик тармоқлари таъмирланди ва модернизация қилинди. 

Айниқса, 3 минг 800 дан зиёд кўп қаватли уй ва 371 та ижтимоий объект ушбу тизимга улангани диққатга сазовордир.

Айни вақтда аҳолимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш бўйича коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси олдида ҳам улкан вазифалар турибди. Жумладан, 2030 йилгача аҳолини ичимлик суви билан марказлашган тармоқлар орқали таъминлаш даражасини 90 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Шунингдек, 103 та қозонхона, 1 минг 600 километр иссиқлик тармоқлари барпо этилади ва реконструкция қилинади. Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ва халқаро молия институтлари иштирокида эса 13 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Буларнинг ҳисобидан марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови ҳозирги 37 фоиздан 58 фоизга етказилади.

Сизлар ўзингизнинг бор куч-ғайратингиз, билим ва тажрибангизни сафарбар этиб, ана шундай улкан вазифаларни адо этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.

Ўз навбатида, мамлакатимизда коммунал соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тизимда фаолият кўрсатаётган ишчи ва ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бундан буён ҳам давлатимизнинг эътибор марказида бўлади.

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин юракдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, меҳнат фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

                                     

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo