icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократияни қисқартириш чоралари кўриб чиқилди

12.05.2026

Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизматларини аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай, тезкор ва шаффоф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат хизматлари кўлами 10 баробар кўпайиб, 61 миллиондан ошди. Уларнинг 80 фоизи онлайн шаклда кўрсатилмоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида тадбиркорликка оид 2 мингдан ортиқ мажбурий талаб бекор қилинди.

Шу билан бирга, соҳада ортиқча тартиб-таомиллар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бугунги кунда давлат органларида 5 минг 650 та функция, бизнесни тартибга солувчи 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1 минг 41 та давлат хизмати мавжуд.

– Бундай кўп функция ва талаблар тизимни самарасиз, қиммат ва баъзан адолатсиз қилиб қўйиши мумкин. Шу боис, фақат дерегуляция, рақамлаштириш ва соддалаштириш – энг тўғри йўл, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистонни 2030 йилга қадар “ортиқча бюрократиядан холи ҳудуд”га айлантириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури бошланган. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилган.

Дастур доирасида давлат органлари функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талабларни 20 фоизгача мақбуллаштириш, электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Тақдимотда давлат хизматларини “сервис давлат” модели асосида тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор давлат хизматини бирорта ортиқча ҳужжат талаб қилмасдан, тез, шаффоф ва қулай кўрсатишга қаратилади.

Хусусан, 783 та давлат хизматига “ноль бюрократия” тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш босқичлари 2 карра қисқаради. 80 турдаги хизмат проактив ва композит шаклга ўтказилади. Натижада аҳолининг турли идораларга келиш учун сарфланадиган йилига 35 миллиард сўмгача транспорт харажати тежалади.

Яна 80 турдаги хизматни кўрсатиш муддати 2-3 карра қисқартирилиб, ўртача муддат 13 кундан 6 кунга туширилади. 10 та хизмат тўлиқ автоматлаштирилади. 25 та хизмат бўйича тўловларнинг камайтирилиши натижасида аҳоли ихтиёрида йилига 851 миллиард сўмгача маблағ қолади.

Шунингдек, 10 та хизматни хусусий секторга ўтказиш, 15 та маълумот ва ҳужжатни рақамлаштириш белгиланмоқда. Бу орқали 270 дан ортиқ хизматда ушбу маълумот ва ҳужжатларни қайта сўраш амалиёти бекор қилинади.

Мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, бозорлар фаолиятига доир 20 га яқин ҳужжатда 500 дан зиёд талаб тарқоқ ҳолда юритилмоқда. Уларни тизимлаштириш орқали талабларнинг 30 фоиздан ортиғини мақбуллаштириш мумкинлиги қайд этилди.

Санитария талабларига мувофиқлик далолатномаси ва кўрикдан ўтадиган ходимлар рўйхатини электрон тизим орқали шакллантириш имконияти ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу орқали йилига 1 миллиард сўм бюджет маблағини тежаш, ходимларнинг 24 минг иш соатини амалий фаолиятга йўналтириш мумкин бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, маъмурий юкни қисқартириш иқтисодиётга йилига 1,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри самара беради. Тартибга солиш сифатини яхшилаш қўшимча 800 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этишга хизмат қилади. Давлат ва бизнес ўртасидаги жараёнларни соддалаштириш ҳисобига меҳнат унумдорлиги йилига 750 миллион долларга ошади. Умумий ҳисобда бюрократияни қисқартириш чоралари 2026-2030 йилларда иқтисодиётни қўшимча 13 миллиард долларга ўстириш имконини беради.

Тақдимотда reestr.gov.uz ягона платформаси орқали давлат функциялари, мажбурий талаблар ва давлат хизматлари реестрларини юритиш, идоралар фаолиятини “Bureaucracy radar” асосида баҳолаш, сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш ва “Бизнес калькулятор” орқали тадбиркорлар харажатини ҳисоблаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Президентимиз давлат хизматлари инсон қадри, тадбиркорлар учун қулай муҳит ва давлат бошқаруви самарадорлиги билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Ҳар бир вазирлик ва идора ўз функцияларини қайта кўриб чиқиши, ортиқча талаб ва ҳужжатларни бекор қилиши, хизматларни рақамлаштиришни жадаллаштириши зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга бюрократияни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш, унда ҳар бир вазирлик ва идора кесимида рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда хусусий сектор улушини ошириш бўйича аниқ режаларни белгилаш топширилди.

Шунингдек, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва барча идоралар фаолиятида “ноль бюрократия” тамойилини изчил жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo