icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг учинчи Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимидаги нутқи

23.06.2026

Ассалому алайкум, ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Бетакрор Ўзбекистон заминида учинчи бор ўтказилаётган Халқаро мақом санъати анжуманида дунёнинг турли қитъа ва мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли санъат ва маданият намояндаларини кўриб турганимдан мамнунман.

Санъат – қалбларни бирлаштирадиган, одамларга эзгулик улашадиган маънавият кўпригидир деб бежиз айтилмаган. Шу маънода, юртимизда доимий тус олган ушбу анжуман – мақом санъатининг умумбашарий нуфузини оширишга хизмат қилаётган жаҳон саҳнасига айланиб бормоқда.

Бугунги тадбиримизда UNESCO, ICESCO, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий оқсоқоллар кенгаши, ТУРКСОЙ, Туркий Парламент Ассамблеяси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари, чет давлатларнинг маданият вазирлари ва муҳтарам элчилари, 80 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари иштирок этаётгани анжуманимизга алоҳида файз ва шукуҳ бағишламоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, узоқ-яқин юртлардан ташриф буюрган азиз меҳмонларимизга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман.

Янги Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Ўзбекистон заминидаги ҳар бир туман, ҳар бир вилоят, ҳар бир ҳудуд ўзига хос санъати ва маданияти, қадрият ва анъаналари, машҳур ижодкорларига эга. Бугунги анжуманимиз ўтаётган сўлим ва гўзал Наманган диёри ҳам ана шундай табаррук маскандир. Наманган ўзининг тадбиркорлари, обод шаҳар ва қишлоқлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, санъат ва спортдаги ютуқлари, билимли ва шижоатли ёшлари билан алоҳида эътирофга лойиқ.

Шу кунларда ушбу файзу тароватли заминда юксак даражада ташкил этилган, бутун дунёга машҳур 65-халқаро Наманган гуллар фестивали шоду хуррамлик билан давом этмоқда. Ва мен бугунги имкониятдан фойдаланиб, бутун халқимизни, барча нафосат шайдоларини хурсанд қилаётган ана шундай улкан байрам билан сиз, азизларни – меҳнаткаш ва миришкор, оқкўнгил, пок ниятли Наманган аҳлини яна бир бор самимий табриклайман.

Мазкур фестиваль Янги Ўзбекистон шароитида оддий гуллар кўргазмасидан халқаро миқёсда эътироф этилаётган катта маданий ҳодиса, ўзига хос миллий бренд даражасига кўтарилганини биз нафақат Фарғона водийси, балки бутун мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлар самараси сифатида қабул қиламиз.

Бугунги кунда кўркам чаманзорга айланган Наманган диёрида жорий йилнинг ўзида 150 миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилгани ва бу натижа халқаро миқёсда тан олиниб, “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритилгани ҳар томонлама эътибор ва таҳсинга сазовор, ибрат олишга арзийдиган воқеа, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Минг раҳмат сизларга, қўлларингиз ҳеч қачон дард кўрмасин!

Азиз юртдошлар!

Наманган буюк шоир ва мутафаккир Бобораҳим Машраб, Нодим, Фазлий, Мажзуб Намангоний, Сўфизода, Ибрат, Усмон Носир, Чустий, Ҳабиб Саъдулла каби атоқли сўз санъаткорларини камолга етказган саховатли заминдир. Бу улуғ зотлар қаторида миллий мусиқа маданиятимиз ривожида ўчмас из қолдирган Рўзиматхон Исабоев, Ваҳобжон Абдуллаев, Маҳмуджон Муҳаммедов, Эргаш Йўлдошев, Саиджон Калонов, Турсуной Мамедова, Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охунова, Ўринбой Нуралиев, Ҳадия Юсупова, Жўрахон Раҳимов сингари эл таниган ҳофизлар, созанда ва бастакорларнинг номларини бугун ҳам ҳурмат билан тилга оламиз.

Ушбу ўлмас сиймоларнинг бой ижодий мероси янги-янги санъаткорлар авлоди учун маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Қадрли дўстлар!

UNESCO томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган мақом нақадар буюк ва ноёб санъат эканини барчамиз яхши биламиз ва халқаро ҳамжамиятнинг бундай эътирофини юксак қадрлаймиз. Зеро, мақом бу оддий мусиқа эмас. Мақом – миллатнинг хотираси, халқнинг қалби ва асрлар оша янграб келаётган маънавий овозидир. Унда аждодлар ҳикмати, орзу-умидлари, дарди ва қувончи мужассам, десам, ўйлайманки, фикримга қўшиласиз.

Юртимизда ўтказилаётган учинчи Халқаро мақом санъати анжуманининг асосий мақсади – ана шундай ноёб меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этиш, келгуси авлодларга безавол етказишдан иборат.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда мақом санъати нуфузини миллий ва халқаро миқёсда янги босқичга кўтариш маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бугун нафақат мақом ижрочилиги, балки унинг назарий асослари ҳам чуқур ўрганилмоқда. Хусусан, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Абдулқодир Мароғий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Комил Хоразмий, Абдурауф Фитрат, шунингдек, Юнус Ражабий, Файзулла Караматов, Исҳоқ Ражабов каби алломаларнинг илмий асарлари, мақомшунослик анъаналари давом эттирилмоқда.

Мақом санъатининг назарий, тарихий ва фалсафий масалаларини ўрганадиган махсус илмий кенгашлар фаолияти янги босқичга олиб чиқилмоқда. Биз соҳада юксак билим ва малакага эга кадрларни тарбиялаш вазифасига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу борада “мусиқа мактаби – ихтисослашган мактаб – олийгоҳ” тизими йўлга қўйилгани ёшларимизнинг аниқ дастурлар асосида узлуксиз таълим олишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Яқинда маданият ва санъатнинг 21 та йўналишида, хусусан, мақом бўйича ҳам ижодий бирлашма ташкил қилдик. Ушбу бирлашмалар жамиятимизнинг энг қуйи бўғини бўлган маҳалладан бошлаб ижодкор ёшларни топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва истеъдодини юзага чиқаришга кўмак беради. Эндиликда ёш мақомчиларнинг ижодига янги нафас олиб кириш учун ҳар бир маҳалла, туман, вилоят ва республика миқёсида танловлар ўтказамиз.

Қадрли дўстлар!

Ҳозирги вақтда “Шашмақом” дурдоналари, Фарғона – Тошкент ва Хоразм мақомларининг ўрганилмаган матнлари ҳамда ноёб ижро услублари қайта тикланмоқда. Айни йўналишда йирик илмий ва академик нашрлар, овозли архивлар тайёрланмоқда.

Биз ана шундай ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Янги Тошкентда муҳташам Мақом марказини барпо этишга киришдик. Ушбу масканни Дунё мақом маркази деб номласак ва унинг қошида Халқаро мақом академиясини ташкил этсак, нима дейсизлар?

Ишонаманки, бу маданий кошона жаҳон мақом санъатининг йирик илмий-тадқиқот марказига айланади. Академияда ўзбек мақом мактаблари билан бир қаторда араб, турк, форс, тожик, ҳинд ва бошқа Шарқ мумтоз мусиқа йўналишлари ҳам ўқитилади. Мазкур даргоҳда мақомни севадиган дунё ёшлари учун “устоз-шогирд” анъаналари асосида маҳорат амалиёти дастурлари йўлга қўйилади ва бунга махсус грантлар ажратилади.

Марказ қошида дунё миқёсидаги энг ноёб мусиқий қўлёзмалар, товуш ёзувлари ва нота архивларини ўзида мужассам этган Халқаро рақамли кутубхона ва лаборатория ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, янги мажмуа соҳа олимлари ва санъатшуносларни бирлаштирадиган глобал илмий-академик платформа бўлади.

Дунё халқларининг мақом, муғом, мукам, дастгоҳ каби мумтоз мусиқа намуналари ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли маконга кўчириш вақти келди. Шу боис, мақом санъати олимлари ва ижодкорларини Жаҳон мақом антологиясини яратишга чақираман. Бунда дунёдаги барча мақом асарлари, ноталар, аудио ва видео ёзувлар, илмий тадқиқотлар ягона рақамли платформага жойлаштирилади, мақом ижроси бўйича мобиль илова ишга туширилиб, унинг фонотекаси доимий равишда янгилаб борилади.

Ўйлайманки, бугунги анжуманда иштирок этаётган санъаткор ва мусиқашунослар бу муҳим жараёнга муносиб ҳисса қўшадилар.

Мақом илмини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро жамғарма ташкил қилишни таклиф этамиз. Ушбу Жамғарма грантлари мақом бўйича илмий изланишларни, ноёб манбаларни ўрганиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва соҳа вакилларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилса, айни муддао бўлади.

Шу билан бирга, Жамғарма ҳисобидан Халқаро мақом мукофоти ҳам таъсис этилиб, мақом ривожига катта ҳисса қўшган олим ва санъаткорлар ҳар икки йилда рағбатлантириб борилса, ўйлайманки, бу ҳам мақом санъатининг нуфузини оширишга хизмат қилади.

“Шашмақом”нинг 6 та йўналиши бўйича ҳудудларимизда “Мақом йўли” маданий-туристик маршрутини яратамиз. Жумладан, Бухорода “Бузрук” мақоми; Самарқандда “Рост” мақоми; Хивада “Хоразм” ва “Ироқ” мақоми; Қўқонда “Наво” мақоми; Шаҳрисабзда “Дугоҳ” мақоми; Тошкентда “Сегоҳ” мақоми бўйича туризм-тематик кўчалари ташкил этилади. Кафе ва ресторанлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларда мақом қўшиқлари доим янграб туради.

Тадбиримизда қатнашаётган озарбайжонлик санъаткорлар муғоми билан, туркиялик ижодкорлар муқоми, тожикистонлик ҳофизлар мақоми, Ҳиндистон бадиий жамоалари “рага”си, Африка қитъаси вакиллари “нуба”си билан “Мақом йўли” маданий-туристик маршрутида фаол иштирок этсалар, дунё бўйлаб мақомнинг халқаро обрў-эътибори янада юксалади деб ишонаман.

Юртимизда мақом асарларининг олтин фондини яратиб, халқимизга етказиб келаётган Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига миллий давлат ансамбли мақомини берамиз. Аминманки, ушбу юксак эътироф машҳур ижодий жамоани янада руҳлантириб, миллий санъатимизнинг дурдона асарларини жаҳон саҳналарига олиб чиқишда янги куч-ғайрат ва илҳом бағишлайди.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Ҳозирги глобаллашув даврида мақом – инсон қалби ва юрагида эзгу туйғуларни тарбиялайдиган, шу асосда ёшларнинг маънавий оламини юксалтирадиган ҳаётбахш сарчашма, десак, тўғри бўлади.

Мамлакатимизда яхши анъанага айланган Халқаро мақом санъати анжумани мақомнинг умрбоқий меросини келажак авлодларга етказиб берадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда. Эзгу мақсад йўлида бошлаган бу ишларимиз сизлар каби фидойи инсонларнинг қўллаб-қувватлаши билан келгусида ҳам изчил давом этади деб ишонаман.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати унинг фақат иқтисодий бойлиги, ер ости ресурслари билангина эмас, юксак маданияти ва санъати билан ҳам ўлчанади. Шу сабабли биз бугун сизлар билан бирга ана шундай бебаҳо маънавий хазина – мақом санъати байрамини халқаро даражада нишонламоқдамиз.

Ишончим комил, анжуман доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференцияда билдириладиган таклифлар, маҳоратли ижрочиларнинг чиқишлари нафақат соҳа ривожига, балки халқлар ўртасида қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Барчамизнинг тилагимиз якдил ва ҳамоҳанг: мақом санъатининг ҳар бир сўзи тинчликка хизмат қилсин, ҳар бир навоси халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамласин, ҳар бир садоси келажак авлодларга миллий ғурур ва маънавий куч бағишласин.

Мақомни севганлар ҳеч қачон кам бўлмасин!

Учинчи Халқаро мақом анжуманини очиқ деб эълон қиламан.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, жўшқин илҳом, янги ижодий ютуқлар, анжуман ишига эса улкан муваффақият тилайман.

***

Ҳурматли анжуман қатнашчилари, азиз юртдошлар!

Футбол бўйича миллий терма жамоамиз халқимизнинг 34 йиллик орзуларини рўёбга чиқариб, жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлади. Бу бизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Мен футболчиларимизни жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида “Сизлар аллақачон тарих яратиб бўлдингиз” деган эдим. Биз ватанпарвар ва фидойи футболчиларимизни Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари деб биламиз. Ўйиндан ўйинга тажриба орттириб, яшил майдонда тобора яхшироқ тўп сураётган терма жамоамиз миллионлаб ватандошларимизнинг орзу-истаклари ва дуоларини ҳис қилиб, бугунги ўйинда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонаман.

Биз жамоамиз билан доим биргамиз ва уни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз!

Омад ёр бўлсин, азиз ўғлонларим!

Ўзбекистон, олға!

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo