icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Тошкентда маҳаллалар ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари тақдим этилди

14.10.2026

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида маҳаллаларни ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Яшнобод туманидаги Ватандош, Моҳинур, Ал-Бухорий ва Тонг маҳаллаларини комплекс янгилаш лойиҳаси тақдим этилди. Уларнинг умумий майдони 75 гектар бўлиб, бу ерда 18 минг 386 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Лойиҳа “15 дақиқалик маҳалла” тамойилига асосланган. Унга кўра, аҳоли учун зарур савдо ва маиший хизматлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, дам олиш ҳамда спорт масканлари одамларга қулай масофада жойлаштирилади.

Ҳудудда яшил майдонларни кенгайтириш, уч километрлик сайр йўлагини ташкил этиш, болалар ва спорт майдончаларини янгилаш, кўп тармоқли спорт иншоотини барпо этиш режалаштирилган. Мавжуд мактабларни кенгайтириш ҳисобига 2 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратиш, 540 ўринга мўлжалланган тўртта боғча ва учта поликлиника ташкил этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Маҳаллаларда автомобилларни ҳовлилардан ташқарида жойлаштириш, жамоат транспорти бекатларини янгилаш, хавфсиз пиёда ва велосипед йўлакларини барпо этиш таклиф қилинди. Шунингдек, 76 та уйнинг ташқи кўриниши ва муҳандислик тармоқларини янгилаш, кўчаларни ёритиш, чиқинди йиғиш шохобчаларини кўпайтириш кўзда тутилган. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кафе ҳамда аҳоли мулоқот қилиб, ҳордиқ чиқарадиган жойлар ташкил этилади.

“15 дақиқалик маҳалла” тамойили асосида пойтахтда 2027 йилда 100 та, 2030 йилга қадар эса 400 та маҳалла комплекс янгиланади. Бу жараёнда ушбу маҳаллалардаги барча инфратузилма, жумладан, иссиқлик, ичимлик суви, канализация, электр энергияси, газ ва ёритиш тизимлари, кўп квартирали уйлар фасадлари, йўл ва йўлаклар, болалар ва спорт майдончалари тўлиқ янгиланади. Маҳаллаларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган дарахт ва буталар сони халқаро стандартларга мослаштирилади.

2030 йилга қадар 400 та маҳаллада 130 мингта янги иш ўрни яратилади, хусусан, 2027 йилда 100 та маҳаллада 22 мингта. Бунинг учун банклар томонидан “конвейер” лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш тизими йўлга қўйилади.

Пойтахтда аҳоли сони ўсиши билан ўқувчи ўринлари танқислиги ортиб бормоқда. 2025-2026 ўқув йилида у 141 мингтани ташкил этган бўлса, кейинги беш йилда ўқувчилар сони 71 мингтага (14 фоиз) кўпайиши ҳисобига 2030-2031 ўқув йилига бориб, 212 мингтага етиши мумкин. Шу боис, 2030 йилгача республика бюджети ҳисобидан 48 мингта, маҳаллий бюджет ҳисобидан 78 мингта янги ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган. Натижада мактабларнинг юкламаси ҳозирги 1,4 коэффициентдан 2030 йилда 1,2 гача пасаяди.

2026-2027 ўқув йили учун умумий майдони 64,6 минг квадрат метр бўлган, жами 38 минг ўринли 24 та янги мактабнинг лойиҳалари тайёрланган. Мактабларнинг амалдаги намунавий лойиҳаларига 17 та янги имконият қўшилмоқда. Жумладан, қўшимча ўқув майдонлари, кутубхона, спорт ва маданият тадбирлари учун мослашувчан заллар, ўқитувчилар учун қулай хоналар кўзда тутилган. Лойиҳаларда пандус ва лифтлар, инклюзив таълим хоналари, тиббий хоналар, хавфсизлик ҳамда энергия тежамкорлик ечимлари ҳам назарда тутилган. Ҳаракат ва сув датчиклари ҳисобига электр энергияси сарфи 20 фоизгача, сув сарфи 10 фоизгача тежалади. Янги ечимлар ер майдонини 50 фоиз тежаш, бир ўқувчига тўғри келадиган майдон самарадорлигини 15 фоизга ошириш, спорт майдонларини уч баробар кенгайтириш имконини беради. Умуман олганда, намунавий лойиҳалар самарадорлиги 40 фоизга оширилади.

Хусусий таълим марказларининг давлат мактаблари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилади. Бу ўқувчиларнинг мактабнинг ўзида олийгоҳларга тайёрланиши ва янги тилларни ўрганиши учун шароит яратади.

Шаҳарда 3-7 ёшли болалар сони 253 мингтани ташкил этади. Уларнинг мактабгача таълим билан қамрови 79,2 фоиз, боғчалардаги ўринлар танқислиги эса 65 мингта. Шу боис, 2030 йилгача республика бюджети ҳисобидан 8 мингта, маҳаллий бюджет ҳисобидан 32 мингта қўшимча боғча ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Натижада 2030 йилда қамров 92 фоизга етказилади. 2026-2027 ўқув йили учун эса умумий майдони 32 минг квадрат метр бўлган, жами 16 минг ўринли 28 та янги боғчанинг беш турдаги лойиҳалари тайёрланган.

Боғчаларнинг намунавий лойиҳасига болалар ривожланиши ва саломатлигига хизмат қилувчи 14 та янги ечим киритилмоқда. Уларда сенсор ва логопед хоналари, психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш жойлари, тиббий блок, турли машғулотларга мослаштириладиган заллар бўлади. Болалар хавфсизлиги учун видеокузатув ва жароҳатдан ҳимояловчи қопламалар, қулай муҳит яратиш учун ҳаво тозалагичлар, шунингдек, энергия тежамкор ёритиш ва қуёш панеллари кўзда тутилган. Бу орқали намунавий лойиҳалар самарадорлиги 38 фоизга оширилади.

Тақдимотда Учтепа туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан “Uchtepa city” замонавий ишбилармонлик марказини барпо этиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. 37 гектар ҳудудда икки босқичда амалга ошириладиган лойиҳанинг биринчи босқичида 26 гектарда инвестор томонидан 1 миллиард доллар инвестиция киритилади. Иккинчи босқичда 11 гектарда турар жой ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилади. Марказда кўп қаватли турар жойлар, офислар, савдо-кўнгилочар мажмуа, халқаро брендга эга меҳмонхона ва сайилгоҳ барпо этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон – Туркия дўстлик боғи ва Отатурк кўчасининг меъморий концепцияси ҳам намойиш қилинди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга тақдим этилган лойиҳаларни аҳоли эҳтиёжлари ва шаҳарсозлик талаблари асосида янада пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo