18.10.2026
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қорадарё устидан ўтувчи кўприк қурилиши жараёни билан танишди.
Ушбу йирик иншоот транспорт оқимини самарали ташкил этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларни камайтиришга қаратилган. У янги барпо этилаётган “Ширин” массивини Самарқанд шаҳри ҳамда халқаро аэропорт билан боғлайди.
Лойиҳа қиймати 310 миллиард сўм бўлган кўприкнинг узунлиги 780 метр, кенглиги 29,8 метр, баландлиги эса 12 метрни ташкил этади. Қатнов қисми 4 тасма, кунига 25 мингтагача транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади.
Янги объект фойдаланишга топширилгач, Ширин шаҳарчасидан марказгача бўлган масофа 23 километрдан 4 километрга, йўлга кетадиган вақт эса 30 дақиқага қисқаради.
Давлатимиз раҳбарига лойиҳанинг техник ечимлари ва транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳақида ахборот берилди.
Шу ерда фаоллар билан суҳбат бўлди.
– 2016 йилда Ўзбекистонга бор-йўғи 1 миллион 200 минг турист келарди. Ҳозир бир йилда 5 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Қачон биз бундай натижаларни тасаввур қилардик? Албатта, бугун дунё рақобат асосида ривожланяпти. Биз ҳам бу рақобатда ўз ўрнимизни мустаҳкамлашимиз керак.
Лойиҳаларни тўғри ишлаб чиқсак, логистикани оқилона ташкил этсак, харажатларни қисқартирамиз, одамларимизнинг узоғини яқин қиламиз. Ахир бу шаҳар одамлар учун-ку!
Мана шу кўприк менинг орзуларимдан бири эди. Бугун бу орзу рўёбга чиқди, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари шаҳар одамлар учун хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги фикрини давом эттириб, ҳар бир инсоннинг халқ ва юрт олдидаги масъулиятига тўхталди.
– Мен кечаги нутқимда ҳам “ўз”, “ўзимиз”, “ўзлигимиз”, “ўзимизники” деган сўзларга қайта-қайта урғу бердим. “Мен ўзбекистонликман, халқим учун ҳаракат қиламан, халқим учун ўқийман, эртанги куним учун изланаман” деган ғоялар руҳида яшашимиз керак.


