16.11.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлигига давлат ташрифи давомида ушбу мамлакат Инвестициялар агентлиги президенти Абдусалом ал-Муршидий бошчилигидаги йирик бизнес вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Ўмон Савдо-саноат палатаси раиси Шайх Файсал ал-Равас, “SABCO Group” директорлар кенгаши раиси Саид Холид бин Ҳамад ал-Бусайдий, “Voltamp Energy” директорлар кенгаши раиси Саид Айман ал-Бусайдий, “Asyad Group” бош ижрочи директори Абдураҳмон бин Салим ал-Ҳатмий, “Zubair Corporation” компанияси бошқаруви кенгаши раиси Рашад Муҳаммад ал-Зубайр, “UzOman” компанияси раҳбари Умар Баҳром иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компанияси устав капиталини ошириш, тоғ-кон, “яшил” энергетика, электротехника, кимё, шаҳарсозлик, транспорт ва логистика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва бошқа истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашда янги ташкил этилаётган Ўзбекистон – Ўмон ишбилармонлар кенгашининг фаолияти муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Учрашув якунида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва бажарилган ишлар натижаларини ҳар чоракда муҳокама қилиб боришга келишиб олинди.


