icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Жиззах кўп тармоқли тиббиёт маркази замонавий имкониятларга эга бинода иш бошлайди

02.12.2025

Президент Шавкат Мирзиёев янгидан барпо этилган Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюрди.

Ушбу мажмуа аҳолига барча зарур тиббий хизматларни бир жойнинг ўзида кўрсатиш имконини яратиши билан катта аҳамиятга эга. Лойиҳа вилоятда ташкил этилаётган тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи ҳисобланади.

Замонавий тиббиётда бундай кластерли ёндашув тезкор диагностика, юқори технологияли даволаш ва шифо истаганлар учун бюрократик жараёнларни камайтиришнинг энг самарали модели сифатида тан олинган.

Давлатимиз раҳбарига муассаса имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Президент беморларни даволаш, шифокорларнинг самарали ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Марказ замонавий етти қаватли бинода жойлашган бўлиб, кунига 400 нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Стационар ўринлари 344 та бўлган марказга умумий қиймати 100 миллиард сўмдан ортиқ замонавий жиҳозлар – МРТ, МСКТ, лаборатория комплекслари ҳамда юқори технологияли жарроҳлик ускуналари ўрнатилган.

Поликлиника, радиология, кардиохирургия, нейрохирургия, офтальмология ва урология каби бўлимларнинг бир мажмуада жойлашгани тиббий хизмат кўрсатишни тезлаштиради, шифокорлар ўртасидаги ҳамкорлик ва беморлар ҳаракатини енгиллаштиради. Айниқса, янги имкониятлар туфайли юқори технологияли операциялар учун навбатларнинг қисқариши лойиҳанинг энг катта ижтимоий самарасидир.

Марказ ишга тушиши натижасида Жиззах аҳолисининг республика шифохоналари ёки қўшни вилоятларга қатнаши 75-80 фоизга камаяди.

Тиббиёт кластерида Қозон федерал университети билан маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш, илғор диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, замонавий тиббий стандартларни ўзлаштириш имкониятини берувчи узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатилади.

Президентимиз соғлиқни сақлаш масъуллари ва ходимлари билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари тиббиёт кластерлари ва кўп тармоқли клиникалар бошқарувида эскича ёндашувлардан чекиниб, янги механизмларни жорий қилиш, жумладан, тиббиётнинг ҳар бир йўналиши бўйича хориждан халқаро экспертлар ва етакчи менежерларни жалб қилиб, маҳаллий мутахассисларни ўзимизда, бевосита муассасаларда ўқитиш, малакасини ошириш, рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу Жиззах тажрибаси бўлиши кераклиги қайд этилди.

Президентимиз аҳолининг тиббий хизматлардан розилиги масаласига алоҳида тўхталди. Соҳада амалга оширилаётган ҳар қандай ўзгаришда, энг аввало, инсон қадри устувор бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

– Одамларимизни кўпроқ бино, ундаги шароит эмас, хизматнинг сифати, шифокорнинг билими, малакаси, ҳалоллиги ўйлантиради. Шифохонага келган одам аввало эътибор ва тўғри ташхис, тез ва сифатли даволанишни истайди. Шунинг учун энг катта вазифа – аҳолига чин дилдан хизмат қиладиган, юксак малака ва компетенцияга эга бўлган тиббиёт тизимини яратишдир, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ернинг ўзида Қозон тиббиёт университетининг Жиззах филиали ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбат бўлиб ўтди. Ўқув жараёнида амалий дарсларни кўпайтириш, талабаларни жаҳон тиббиётининг ютуқлари ва илғор тажрибаси билан доимий таништириб бориш муҳим экани таъкидланди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo