12.05.2026
Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда озиқ-овқат таъминотини барқарорлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича кенг имкониятлар яратилган. Бугунги кунда 4 миллион гектар экин майдони, 1,5 миллион тонна сиғимга эга сақлаш омборлари ва 3,5 миллион тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватлари аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, 4 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш, экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни мақсад қилган.
Йиғилишда ушбу марраларга эришиш учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва назорати билан учта идора шуғулланиб келмоқда. Оқибатда санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмаган, айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорламоқда. Бу эса тадбиркорларнинг экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда.
Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринария қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология тизимида 44 та вазифа ва функция мавжудлиги, шу билан бирга, маҳсулотни “етиштиришдан истеъмолчигача” кузатиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.
Экспортда ҳам ҳал этилиши зарур бўлган масалалар бор. Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан маҳсулотларимизда пестицид қолдиқлари бўйича 25 та огоҳлантириш берилгани қайд этилди. Бу халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш учун маҳсулот хавфсизлигини назорат қилиш тизимини тубдан ўзгартиришни талаб қилади.
Амалда назорат идоралари томонидан фақатгина якуний маҳсулотни текшириш билан чегаралангани, ишлаб чиқариш занжирида озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини кафолатловчи халқаро стандартларни жорий қилишга етарлича эътибор қаратилмагани қайд этилди.
Шу муносабат билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратилиши белгиланди.
Унга мувофиқ, “даладан дастурхонгача” тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. У Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ва Санэпидқўмитанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши негизида шакллантирилади.
Янги тизимда эскирган, тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлаётган текширувлардан воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.
Бугунги кунда республикадаги 80 мингта объектдан фақат 1,6 мингтасида, яъни 2 фоизида бундай тартиб қўлланилмоқда. Эндиликда хавфли маҳсулотлар тўғрисида тезкор хабар бериш ва уларни қайтариб олиш бўйича электрон тизим яратилади.
2029 йил 1 январдан бошлаб мева-сабзавот экспорти фақат агрологистика марказлари орқали амалга оширилади. Экспорт салоҳияти юқори йирик озиқ-овқат корхоналарини халқаро хатарлар таҳлили стандарти ва Алиментариус кодекси талабларига ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Ушбу кўрсаткич 2028 йилгача 20 фоизга, 2030 йилгача 60 фоизга, 2032 йилгача эса 100 фоизга етказилади.
Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 20 та туманда ички фитосанитария сертификатини расмийлаштиришга кўмаклашувчи жамоатчи инспекторлар фаолияти йўлга қўйилади. Бундан буён мева-сабзавот экспорти статистикаси маҳсулот қайси ҳудудда етиштирилган бўлса, ўша ҳудудда ҳисобга олинади.
2027 йилдан бошлаб лаборатория текшируви, ҳайвонларни эмлаш, дезинфекция ва идентификация қилиш каби 6 та давлат функцияси хусусий секторга берилади. Вилоят ҳокимларига йил якунигача ушбу хизматлар бўйича камида 2 тадан хусусий лаборатория ва ветеринария клиникасини ташкил этиш топширилди.
Ҳар бир маҳсулот бўйича онлайн кузатиш тизими йўлга қўйилади. Фермер ва деҳқонлар учун “Агро кўмакчи” мобил иловасида электрон “Дала дафтари” тизими жорий этилади. Мазкур тизим орқали сунъий интеллект зараркунандалар тарқалишини олдиндан башорат қилиб, деҳқонларга зарур тавсиялар беради.
Фаол ва ҳалол ишлаётган фермерлар рейтинги юритилади ва уларга қўшимча имтиёзлар берилади. 2027 йил 1 мартгача озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ягона автоматлашган ахборот платформаси ишга туширилади. У чегарадаги “Ягона дарча” тизими билан интеграция қилиниб, экспортчилар ортиқча бюрократик жараёнлардан озод этилади.
Янги тизим орқали импортда назорат вақти 9 кундан 2 кунга, экспортда эса 3 кундан 1 кунгача қисқартирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига тадбиркорларнинг маҳсулотни омборда сақлаш харажатлари 70 миллиард сўмга тежалади.
Йиғилишда чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Таҳлилларга кўра, кейинги 25 йилда дунё мамлакатларининг 42 фоизида қорамоллар сони 12 фоизга қисқарган. Бунинг асосий сабаблари қиммат озуқа, қурғоқчилик, экологик омиллар, юқори фоиз ставкалари ва даромад камайиши билан боғлиқ. Натижада жаҳон бозорида гўштнинг ўртача нархи рекорд даражага етган.
Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун катта имконият бор. Мамлакатимизда 16 миллион гектар яйлов мавжуд, бироқ бу салоҳиятнинг атиги 10 фоизидан фойдаланилмоқда.
Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. У Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида фаолият бошлайди.
Янги агентлик олдига қорамоллар сонини 16,5 миллионтага, қўй ва эчкилар сонини 30 миллионтага, паррандалар сонини 141 миллионтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга, наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш, озуқабоп экин майдонларини эса 1,5 баробар кўпайтириш белгиланди.
Озуқа базасини кенгайтириш ва наслчиликни яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдан 1 тадан туман чорвачиликка ихтисослаштирилади.
Ушбу туманларда пахта ва ғалла ерларининг 50 фоизига озуқабоп экинлар экишга рухсат берилади, бунинг учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Барча фермер хўжаликларига ижара ерларининг 20 сотих қисмида ортиқча бюрократиясиз енгил конструкцияли бинолар, озуқа омборлари ва силос ўралари қуришга рухсат берилади.
Йил якунига қадар камида 10 гектар ери бор 28 минг 746 та фермер хўжалиги ерида 2 миллион бош қорамол боқишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Чорвачиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланди. 1 июндан бошлаб тижорат банклари йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредитлар ажратади. Наслдор чорвани импорт қилувчилар 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Банкларга йиллик 6 фоиз ставкада 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ресурс жойлаштирилади. Ушбу ресурслар ҳисобидан жорий йилда 5,5 триллион сўмлик 1,5 мингта лойиҳани ишга тушириш, 25 мингта иш ўрни яратиш ва қорамоллар сонини 400 мингтага ошириш режалаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш ва наслли чорвани кўпайтириш бўйича ҳам янги дастур бошланади. 1 июндан етакчи аграр олийгоҳларда сунъий уруғлантириш бўйича 10 кунлик ўқув курслари ташкил этилади. Ҳар йили камида 1 минг мутахассис тайёрланиб, улар зарур ускуналар билан бепул таъминланади.
Хонадонларда сунъий уруғлантирилган ҳар бир наслдор бузоқ учун 500 минг сўмдан ҳамда эмбрионларни кўчириб ўтказилганда 700 минг сўмдан субсидия тўланади. Бу мақсадлар учун қўшимча 50 миллиард сўм ажратилади.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари, тадбиркор ва фермерларнинг таклифлари тингланди. Янги тизимни жойларда самарали ташкил этиш, тадбиркорлар ва фермерларга амалий кўмак бериш, чорвачиликда озуқа базаси, наслчилик, қайта ишлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.


