11.11.2026
Ҳурматли Президент Режеп Таййип Эрдоған Жанoблари!
Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!
Ҳурматли конференция раиси!
Хонимлар ва жанoблар!
Авваламбор, Ўрта ер денгизининг гавҳари бўлмиш Анталияда бизга кўрсатилаётган анъанавий меҳмондўстлик учун Туркия Республикаси Президенти, қадрли биродарим Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларига чин қалбдан миннатдорлик билдираман.
Туркия ва Австралия ҳамраислигида анжуманга юқори даражада тайёргарлик кўрилганини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Биз янги тараққиёт моделимизни “яшил” технологиялар асосида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда қуряпмиз. Иқтисодиёт тармоқларида углерод сарфини жадал суръатда камайтиряпмиз. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш борасидаги мақсадини муддатидан олдин бажарди.
Биз 2035 йилга бориб зарарли чиқиндиларни 50 фоизга камайтириш бўйича янги маррани белгиладик. Тараққиёт ва табиат қонунлари ўртасида бузилган мувозанатни тиклаш “яшил” энергия ҳажмини мунтазам ошириб боришни талаб этади. Яқин тўрт йилда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 54 фоизга етказилади.
Биз ўз олдимизга сувдан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам қатъий мажбурият қўйганмиз. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз аллақачон ижобий натижа бермоқда. Ўн йил ичида иқтисодиётимизда сув сарфи деярли икки бараварга, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайди. Суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Келгуси йилдан Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади. Трансчегаравий ҳавзаларни бошқаришдек масъулиятли вазифани юқори савияда амалга оширишга тайёрмиз. Шу билан бирга, ерларни кенг кўламда қайта тиклаш ишларини олиб боряпмиз. Мамлакатимизда ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилди, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади.
Бундан ташқари, уч миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтириладиган “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси”ни жорий этдик.
Ўзбекистонда юритилаётган давлат сиёсатида ёшлар масаласи марказий ўрин тутади. Халқимизда “Дарахтдан мева оламан десанг, уни ниҳол пайтидан бошлаб парвариш қил” деган мақол бор.
Мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактаб фаолиятининг уйғунлиги асосида йўлга қўйилган. Ёш авлодга сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш боғчаданоқ ўргатилади.
Юртимизнинг ҳар бешинчи фуқароси мактаб ўқувчиси ёки талабадир. Тизимли экологик таълим-тарбия туфайли 2050 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатни асраш бўйича пухта билимга эга бўлади.
Қадрли дўстлар!
Иқлим муаммоларига ҳеч бир давлат ёлғиз ҳолда ечим топа олмайди.
Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортмоқда. Умумий таҳдидлар минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилади. Шу боис, Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари сурамиз. Ушбу ҳамкорликни учта асосий йўналишдан бошлашни таклиф қиламан.
Биринчиси – ахборот йўналиши.
Бу борада Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисида маълумот алмашиш инфратузилмасини яратиш зарур. Дастлабки босқичда табиий офатлар пайтида тезкор чора-тадбирлар кўриш учун эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Навбатдаги муҳим қадам – секин-аста юзага келадиган табиий офатларни мониторинг қилиш бўйича кўрсаткичлар ва уларга асосланган қўшма механизмларни шакллантиришдан иборат.
Иккинчиси – технологик йўналиш.
“Яшил” технологиялар тупроқни қайта тиклаш, қурғоқчил ҳудудларда углеродни ютиш, чанг ва қум бўронларига қарши курашишда ёрдам беради.
Ҳар йили Марказий Осиёнинг “Eco Expo” кўргазмасини ўтказяпмиз. Унда илғор тажриба, истиқболли инновациялар билан ўртоқлашяпмиз. Биз бу кўргазмани минтақамизга мос замонавий экологик ечимлар берадиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришни мақсад қилганмиз.
Учинчиси – молиявий йўналиш.
Марказий Осиё маҳаллий шароит ва эҳтиёжлар ҳисобга олинадиган барқарор молия манбаларига муҳтож. Бу борада тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан биргаликда Марказий Осиё учун янги кўмак воситалари – имтиёзли грантлар, шунингдек, “мовий” ва “арид” молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Конференцияда иштирок этаётган барча мамлакатлар ва халқаро тузилмаларни Иқлим интеграцияси моделини амалий мазмун билан бойитишга чақирамиз. Ушбу ҳаётбахш моделни барча манфаатдор минтақаларда қўллашни таклиф этамиз.
Келажак авлод учун фаровон ҳаёт ва қулай шарт-шароит яратиш ҳамда она сайёрамизни асраб-авайлаш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.


